Савол: Қайнонам, болангизни эмизсангиз яхши бўларди, сунъий овқатларнинг фойдаси кўп эмас, деб тайинлайверадилар. Гапларида жон борми?

Жавоб: Гўдаклар учун она сутидан фойдалироқ, зарурроқ ҳеч нарса йўқ. Ҳеч қандай неъ­мат, ҳатто энг замонавий илм­лар бўйича тайёрланган сунъий таомлар ҳам она сутининг ўрнини боса олмайди. Аллоҳ таоло: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир” (Бақара, 233), деб марҳамат қилган.

Илмий изланишлар табиий эмизишда гўдакдаги касалликлардан ҳимояланиш қуввати кучайишини кўрсатди. Она сути гўдакнинг соғлом ўсишига ёрдам беради. Айниқса, биринчи ойларда керак бўладиган асосий озуқа фақат она сутида бор. Она сути тоза ва мусаффолигидан ташқари, чақалоқ ошқозон ва меъдасининг ҳароратига ҳам муносибдир. Шунингдек, у енгил ҳазм бўлади, гўдакни ичбуруғ, қабзият ва ошқозон яллиғланишидан асрайди. Иқтисодий томондан қараганда ҳам оилага қўшимча ҳеч қандай оғирлиги тушмайди. Қолаверса, дори-дармонга, сунъий таомга сарфланадиган маблағни чақалоқ онасининг емагига сарфлаб, табиий сутни кўпайтириш керак.

Табиий эмизиш гўдакда раҳм­диллик ва ўзига ишонч каби сифатларни тарбиялайди. Унга сокинлик ва хотиржамлик бағишлайди. Бу нарсалар боланинг келажақда кучли шахсият эгаси бўлишига ёрдам беради. Ижтимоий ҳаёт жараёнига мутаносиб равишда ўсишига сабаб бўлади. Яна бошқа томондан фойдали: эмизиш онанинг кўкрак саратонига дучор бўлмаслигига боис бўлиб, она танасидаги унсурлар мувозанатини сақлайди.

 

Савол: Бизни бир масала қизиқтиради: хотинлар ҳам талоқ қилиш ҳуқуқига эга, деб эшитиб қолдик. Шу гапда асос борми?

Жавоб: Динимиз талоқ қилиш ҳуқуқини эрларга берган. Эр бу ҳуқуқни хотинига маълум муддатга ёки муддатсиз бериши мумкин. Эри унга берган ҳуқуққа кўра, хотин истаса, шу муддат ичида ажралиш ҳуқуқига эга бўлади. Истамаса, ажрашмайди. Бунга “тафвизут талоқ” дейилади. Эр хотинига берган бу талоқ ҳуқуқини қайтариб ололмайди.

 

“Динда саволим бор” китобидан олинди.