Савол: Сафарда бўлган эр хотинига sms орқали “талоғини берса”, аёлига талоқ тушадими?

Жавоб: Ҳа, талоқ тушади. Агар бир киши хатда аёлига талоқ берса, унда ёзилганидек талоқ тушади. Хат ёзилган кундан эътиборан идда бошланади. Агар хатда: “Менинг талоқ хатим борганидан сўнг сен талоқсан” деб ёзилган бўлса, мактуб боргач, талоқ воқе бўлади (“Раддул муҳтор алад Дуррул мухтор”).

Талоқ сўзини айтишдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш керак. Ҳадиси шарифда: “Бандаларга ҳалол қилинган нарсалар ичида Аллоҳ таолонинг ғазаби ва нафратини қўзғатадигани талоқдир”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Савол: Баъзи жойларда сафар ойида одамлар пул йиғиб, унга жонлиқ сотиб олиб сўяди ва таом тайёрлаб, уни ҳаммалари ейди. Бу “дарвешона” дейилади. Шундай қилиш дурустми?

Жавоб: Одамлардан пул йиғиб, уни яна уларнинг ўзларига едириш эҳсон ҳисобланмайди. Бундай қилиш динимиз йўриқларига зиддир.

Савол: Сафардан уйимга қайтгандан сўнг мусофирман, деган хаёлда тўрт ракатли намозни икки ракатини ўқигач, салом бериб ва дарҳол уйда эканимни англаб, қиёмга туриб намозимни тўрт ракат қилиб тугатдим. Ана шу ўқиган намозим дуруст бўладими?

Жавоб: Йўқ. Тўрт ракатли намознинг икки ракатидан кейин сафардаман деган хаёлда, ё хуфтон намозининг икки ракатини ўқиб бўлгач, бу таровеҳ намози деб ёки пешиннинг икки ракатидан кейин бу жума намози, деган ўйда салом бериб қўйган кишининг намози бузилади. Чунки ўқиётган намозини қайси вақт намози эканини унутиб салом бериш билан намоз бузилади. Аммо намозим тугади, деган хаёлда салом берган кишининг намози бузилмайди, салом берган заҳоти яна бир ё икки ракат ўқиши ёдига тушса, давомини ўқиб, намоз охирида саҳв саждаси қилади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Қозихон”).