Савол: Халқимиз орасида мучал ёшига тўлган киши қабристон ёки масжидга бирон оқлик мато, қанд, туз каби нарсалар бериш одати мавжуд. Шундай қилиш асослими?

Жавоб: Йўқ. Динимизда бирон кун ё сана билан боғлаб эҳсон ё садақа қилиш йўқ. Шунинг учун айнан мучал ёшига етган киши, хоссатан, бирон нарсани масжид ёки қабристонга олиб чиқиши шарт, деган тушунча хатодир. Киши истаган вақтида эҳсон қилиши ё садақа бериши мумкин.

Савол: Мен баъзан тик турсам бошим айланиб, кўзим тиниб кетади. Шундай пайтда намозимни ўтириб ўқисам ҳам бўладими?

Жавоб: Фарз намозларни тик турган ҳолда адо этишга ожиз бўлган киши ўтириб ўқиши мумкин. Аммо тик туришда озгина машаққат бўлса, у узр ҳисобланмайди. Қиёмга тургач, бир оз бош айланиб, тезда ўтиб кетса, унда фарз намозни тик туриб ўқиш лозим. Шунинг учун, бир оз бўлса-да, тик туриши мумкин бўлган кишилар фарз намозни тик турган ҳолларида бошлаб, сўнг тоқат қилолмасалар, ўтириб, давом эттиришлари мумкин.

Тик турганида, зарар етиши ёки касали зўрайиши ёхуд бош айланиб йиқилиши эҳтимоли бўлган беморлар ўтириб намоз ўқишлари жоиздир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Хулоса”).

Савол: Бир оғайним, инсонларга нисбатан Одам деб мурожаат қилиш дуруст эмас. Чунки Одам (алайҳиссалом) пайғамбар бўлган, унга нисбатан ҳурматсизлик бўлади, деб айтди. Шу тўғрими?

Жавоб: Исмлар хос ва муштарак бўлади. “Одам” исми ҳам муштарак исмлардандир. Кўпинча “одам” дейилганида Одам (алайҳиссалом) эмас, инсонлар назарда тутилади. Шунингдек, фарзандларимизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак исмларини қўйсак, муборак номни айтиб чақирганимизда фарзандларимизни назарда тутамиз.