Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Аллоҳ таоло “ўн саккиз минг олам Парвардигори” деб ҳам улуғланади. Ўн саккиз минг олам деганда нима тушунилади?

Жавоб: Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. “Олам” сўзи “аломат” сўзидан олинган, яъни оламни Яратган Зот (борлиги)нинг далилидир” (Имом Қуртубий, “Ал-Жомиъ ли аҳкомил Қуръон”). Абу Лайс Самарқандий тафсирларида: “Барча жонли нарса оламдир”, деганлар.

“Олам” сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган: Қатода айтишича: “Олам Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжудотлардир”.

Фарро ибн Убайда айтади: «“Олам”дан мурод ҳар бир ақлли мавжудотдир. Улар: инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлардир. Ақли йўқлиги учун ҳайвонларни “олам” дейилмайди”».

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолонинг (рубубиятига ва улуҳиятига) ўн саккиз минг олами (далили) бор, сизларнинг дунёингиз улардан биридир”, деганлар.

Савол: Ҳаж ибодати ҳамма гуноҳларни, жумладан, ўзгаларнинг ҳақларини ва уларга қилинган зулмни ҳам ювиб юборадими?

Жавоб: Ҳадисларда мабрур ҳаж одамни онадан туғилгандек гуноҳлардан поклаши айтилган. Маълумки, ҳақлар икки хилдир. Аллоҳ таолонинг ҳақи ва бандаларнинг ҳақлари. Аллоҳ таоло Ғофурур Раҳимдир. Ўзининг ҳақини, ­яъни ибодатларни ўз вақтида бажармаганларни, хоҳласа, кечиради. Аммо банданинг бандадаги ҳақларини банда кечирмагунича кечирмайди. Демак, ҳаж ибодати бировга қилинган зулмни ювиб юбормайди.

Шунинг учун ҳаж сафарига чиқишдан олдин зиммасидаги ўзгаларнинг ҳақларини адо этиш, зулм қилган бўлса, кечирим сўраш лозим.

Савол: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган ҳамма сўзлар ҳам Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинганми?

Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор сўзни ҳавойи нафсларидан сўзламаганлар. (У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз ваҳийдир.) (Нажм, 3–5). Аммо сўзларининг ҳаммаси Қуръон оятлари эмас, уларнинг бир қисми қудсий ҳадислар, яна бир қисми ҳадиси шарифлардир. Қуръон Жаброил (алайҳиссалом) воситасида, арабча лафз ва маъноларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий қилинган, тиловати ибодат, мусҳафларда кўчирилган, Фотиҳа сурасидан бошланиб Нос сурасида тугалланган, тавотур даражасида китоб ҳолида бизга етиб келган, жузъий ўзгаришлардан ҳам Аллоҳ таоло асраган, бандалар ўхшашини келтира олмайдиган илоҳий каломдир.

Ҳадиси шарифлар “ваҳий ғайр матлув” (тиловат қилинмайдиган ваҳий) дейилади ва улар қуйидаги хусусиятларга эга бўлади: фақатгина маъноси Аллоҳ таолодан ваҳий қилинган, сўзлари Расулуллоҳга тегишли бўлади, шу туфайли маънони яхши тушунадиганлар унинг маъносини ривоят қилишлари жоиздир.

Савол: Фаолиятим тақозосидан кўп вақтим молхонада ўтади. У ерда тасбеҳ, салавот айтиш ва Қуръони карим тиловатини қулоқчиндан тинглаш мумкинми? Тиловатни ётган ҳолда эшитиш-чи?

Жавоб: Нопок жойларда Қуръони каримни тиловат қилиш мумкин эмас. Тасбеҳ, зикр салавотлар ҳам худди шундай. Тиловатни қулоқчиндан эшитиш мумкин. Шунингдек, ётган ҳолатда ҳам тиловат қилиш ёки тинглаш жоиз. Аммо Қуръони каримга ҳурмат, одоб юзасидан қиблага қараган ҳолда, ўтириб ўқиган яхши.

Савол: Динимизда аза уч кун дейилади. Шу уч кун маййит вафот этган кунидан бошлаб ҳисобланадими ёки уни дафн этилган куниданми? Чунки биз томонларда марҳумни вафот этган кунининг эртаси, ҳатто индинига кўмиш одати бор.

Жавоб: Маййит учун аза у вафот этган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Динимизда маййитни иложи борича тезроқ дафн этишга буюрилган.

Савол: Мустаҳаб (истинжо) қилмай, таҳорат олиб намоз ўқиш мумкинми? Қиш кунларида баъзилар совуқ сабаб мустаҳабга қийналишмоқда.

Жавоб: Агар мақъад ва пешоб йўлини тозаланса ва нажосат мақъад атрофига дирҳам миқдоридан кўп жойга ёйилмаган бўлса, мустаҳаб қилмай, таҳорат олиб намоз ўқилиши мумкин. Аммо бунда нажосат чиқадиган жойлар тоза бўлганига ишонч ҳосил бўлиши керак. Фуқаҳоларимиз фақат мақъад (орқа)ни кесак ёки шунга ўхшаш нарсалар билан артиш ҳам тоза қилишини айтишган.

Шу ўринда бир мулоҳаза: эркак киши пешобдан сўнг албатта истибро қилиши, яъни қолган-қутган сийдик чиқиб кетиши учун бир муддат ҳаракат қилиши керак. Бу ҳаракат юриш, ўтириб-туриш ёки енгил сакраш кўринишида бўлиши мумкин. Кўпчилик бу масалага аҳамият бермай, ҳожатхонадан чиқа солиб, таҳорат олишга ўтиради. Аммо қолдиқ сийдик чиққач, ҳозиргина олинган таҳорат бузилади ва одам бетаҳорат намоз ўқиган бўлиб қолади. Бундан ташқари, бундай ҳолатда ички кийимга ўша қолдиқ сийдик тегмаслигига ҳам аҳамият бериш керак, акс ҳолда, кийим нопок бўлиб, ибодатга тўсиқ бўлиб қолади.

Савол: Аҳмад Яссавий нима учун олтмиш уч ёшида ер остида чиллахона қаздириб, қолган умрини ўша ерда ўтказган?

Жавоб: Манбаларда келтирилишича, у улуғ шайхул машойих Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олтмиш уч ёшда дунёдан ўтганлари учун, у зотга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли, бу ёшдан кейин ер юзида яшашни ўзларига маъқул кўрмаганлар ва ер остидан чиллахона қаздириб, қолган умрларини ўша ерда тоат-ибодат ва зикру тафаккур билан ўтказганлар.

Савол: Аҳмад Яссавий: “Шайх улдурки, назру ниёз олса, уни ғариб, бечора, етим-есирларга бергай. Агар бу назру ниёзни ўзи еса, гўё мурдор ит емишини тановул қилган бўлур”, деган эканлар. Бу гапларни қандай тушуниш мумкин?

Жавоб: Бу гапни бундай тушуниш керак: назр деб шариатда киши бир машруъ амални ўзига вожиб қилиб олиши, яъни ўша ишни бажаришни тил билан айтиб аҳд қилишига айтилади. Бир киши: “Аллоҳ таоло учун битта қўй сўяман”, деса, шу назр бўлади ва ўша айтган нарсасини бажариши вожибга айланади. Ана шу назрни ўзи ва фарзандлари ололмайдилар, шунингдек, шайхлар, диний раҳнамо ёки уламолар ҳам, агар бой бўлишса, ейиши ҳалол бўлмайди. Камбағал бўлсалар, ейишлари жоиз.

Савол: Мен тинчгина, ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратиб юрардим. Ибодатларимни ҳам қўлимдан келганча қолдирмай адо этаман. Шу орада маҳалламиздан бир киши менга қўшни давлатдан иш таклиф қилиб, яхши ҳақ тўлашини айтди. Мен рози бўлдим. У ерда ишлаб, бир сўм ҳам иш ҳақи олмадим. Маҳалладошим пулимни жамлаб, охирида беришини айтди. Мен кўндим. Орадан анча вақт ўтди. Кузда мен чала қолган иморатимни битириб олиш учун уйга қайтмоқчилигимни айтиб, ҳақимни беришини сўрадим. “Сен кетавер, пулни ортингдан жўнатаман”, деди маҳалладошим. Мен унга ишондим. Уйга келиб, бировдан қарз кўтариб, иморатнинг томини ёпиб олдим. Пулим келавермагач, телефон қилиб сўрадим. Шунда маҳалладошим: “Мен пулингни берганман. Агар бермаган бўлсам, яқинларимни Худо урсин! Агар сен олмаган бўлсанг, сенинг яқинларингни Худо урсинми?!” деди. Мен қўрқиб кетдим. Айни пайтда, унинг журъатидан ҳайратга тушдим. Гарчи ҳақ бўлсам-да, фарзандларим кўз олдимга келиб, қасам ичишдан тийилдим.

Муфтий ҳазратлари! Ўша маҳалладошим ҳам, мен ҳам “Ҳидоят” журналига обуна бўлганмиз. Айтинг-чи, унинг бу қилмиши динимизга тўғри келадими?

Жавоб: Динимизда бировни алдаш, унинг ҳақини ўзлаштириш зулм ҳисобланади ва ундан қатъий қайтарилади. Агар ҳолат сиз айтгандек бўлса, ўша маҳалладошингиз бир эмас, бир нечта гуноҳни қилган бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмон ёлғончи бўлмаслигини, умматлари ёлғончи эмаслигини айтганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишини ишлатган одам тери қотмасидан ҳақини бериши кераклигини тайинлаганлар. Бўлмаган нарсани билиб туриб, бўлган деб ёки бўлган нарсани билиб, бўлмаган деб қасам ичиш шариатда ғамус қасам дейилади ва шундай қасам ичган киши тош сувга чўккани каби гуноҳ ботқоғига ботиб кетади.

Биз саволда айтилган инсонга ва унга ўхшаш кимсаларга ҳисоб берилажак Кунни эслатамиз. Аллоҳ таолодан қўрқсинлар ва бировнинг ҳақини ботил йўллар билан ейишдан тийилсинлар.

Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ ато этсин!

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД  ёзиб олди.