Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Бомдод намозида имом фотиҳа сурасидан сўнг бир суранинг ярмидан бошлаб қироат қилди. Фотиҳа сурасидан сўнг ўқиладиган сура тугал ўқилади деб эшитган эдим.

Жавоб: “Зоҳир ривоя”да, фарз намозларда бир ракатда бир суранинг ўртасидан, иккинчи ракатда бошқа суранинг ўртасидан ўқиш мумкин эмас, де­йилган. “Заҳирия”да бундай қилиб ўқиш макруҳ бўлади, дейилган.

“Салоти Масъудий” китобида бу хусусда бундай дейилган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) фарз намозида, бир суранинг бошини ташлаб, охирини қироат қилмаганлар ҳамда икки сурани бир ракатга ва бир сурани икки бўлиб икки ракатга ўқимаганлар. Бошлаган сураларини узун бўлса ҳам тўлиқ ўқиганлар”, дейилган (“Фатовойи Ҳиндия”, “Маслакул муттақин”).

 

Савол: Мен намозда бир сурани ўқиётиб, баъзан адашиб бошқа сурага ўтиб кетаман. Бунинг намозга зарари йўқми?

Жавоб: Қарилик ё ақл­фаромуш бўлиш сабабли бу ҳолат юз берса, қаралади: жаннат башорати ҳақидаги оятни ўқиётиб, дўзах хабари ҳақидаги оятга ўтиб кетилса, масалан, “иннал аброро” деб сўнг “лафи жаҳийм” деса ёки “иннал фужжаро”дан сўнг “лафи наъим” дейилса, намоз бузилади. Чунки яхши кишиларни жаҳаннамда, ёмон иш қилувчи гуноҳкорларни жаннатда де­йиш билан маъно ўзгаради. Маъно ўзгарадиган ҳолда намоз бузилади. Аммо маъно бузилмаса, зарари йўқ. Бундай ҳолатлар содир бўлмаслиги учун инсон аввало ибодатни хушу, хузу билан адо этиши керак.

 

Савол: Қандай ҳайвонларнинг гўштини еб бўлмайди?

Жавоб: Сувда яшайдиган жониворлар ичида балиқдан бош­қасининг гўшти ейилмайди. Жумладан, қурбақа, қисқичбақа ва бошқа мўйнаси қимматбаҳо бўлган қундуз каби сувда яшайдиган жониворларнинг барчасининг гўшти ҳаромдир. Агар балиқ сабабсиз ўлган бўлса, ейилмайди.

Ҳашоратлар орасида чигирт­кадан бошқаси ҳалол эмас.

Илон, типратикон (кирпи) каби судралиб юрувчи ва кемирувчи қурт-қумурсқа ва жониворларни еб бўлмайди.

Хонаки ҳайвонлардан туя, сигир ва қўй тезак ейдиган ёки дурда (вино сиқиб олинган қуйқа) бериб боқилган бўлса, гўштида қўланса ҳид бўлади. Уларга тоза ўт, ем бериб боқиб ҳидини йўқотиш керак. Қўланса ҳиди кетмай сўйилса, гўштини ейиш макруҳдир. Таҳовийнинг “Мухтасар”и шарҳи­да: “Уларни кўп кунлар қамаб, бошқа озуқалар бериб боқмасдан туриб, сўйиб истеъмол қилиш ҳалол бўлмайди”, деган. Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифадан (раҳимаҳумуллоҳ) бундай ривоят қилади: “Албатта, нажосат ейдиган ҳайвон уч кун қамаб қўйилади”. Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳ): “Уни қамаб қўйиш учун бирон вақт тайин қилинмаган”, деган.

Ибн Рустам Муҳаммаддан (раҳматуллоҳи алайҳ) қилган ривоятда: “Тезак ейдиган туя, қўй ва сигирларнинг сути ичилмайди...” дейилган.

Кийикдан бошқа, масалан, суғур ёки қашқалдоқ каби барча йиртқич ҳайвонлар, йиртқич қушлар гўшти (тирноқли ва тумшуқли) ҳалол эмас. Ўрдак, товуқ, кабутар, чумчуқ, қумри қуш, каклик, турналар ҳалолдир.

Далада юрган товуқнинг гўшти ейилаверади. Чунки товуқ далада нажосатдан бошқа дон-дунлар билан ҳам озуқаланади. Аммо нажосатхўр товуқни қорнидаги овқати ҳазм бўлиб кетгунича, бир кун ё уч кун қамаб қўйган яхши.

Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг қонини, олатини, икки моягини, урғочи ҳайвоннинг сийдик чиқиш жойини, безларини, сийдик қопини, ўт қопини ейиш мумкин эмас (“Фатовойи Ҳиндия”).