Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Мен Сурхондарё вилояти Музработ туманидан Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги сиҳатгоҳга дам олиш учун бормоқчиман. Уйдан ўн олти кунни қасд қилиб чиқсам, бир кун боришга, бир кун келишга сарф бўлса, сиҳатгоҳда ўн тўрт кун бўламан. Ана шу кунлар мобайнида у ерда намозларни қаср қилиб ўқийманми ёки тўлиқми?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Киши пиёда ўртача юришда уч кунлик масофага боришни уйдан ният қилиб йўлга чиқса, у мусофир ҳисобланади ва намозларини қаср қилиб ўқийди (“Фатовойи Оламгирия”). Борган ерида ўн беш кун ва ундан кўпроқ туришни ният қилса, ўша ерда у муқимга айланади ва намозларини тўлиқ ўқийди. Сиз сиҳатгоҳда ўн тўрт кун туришни ният қилгансиз. Демак, у ерда мусофир ҳисобланасиз ва намозларингизни қаср қилиб ўқийсиз (“Ҳидоя”).

Савол: Аёл киши сўйган жонлиқ ҳаром бўлишини эшитдим, балиқ сўйса бўладими?

Жавоб: Барча шартларига мувофиқ сўйилган ҳайвон гўшти, уни ким сўйганидан қатъи назар, ҳалолдир. Динимизда аёл киши жонлиқ сўймасин, деган бирор-бир тақиқ йўқ. Балиқ бўғизланмайди. Чунки унда қон йўқ.

Савол: Сув билан истинжо қайси ҳолатда мустаҳаб, қайси ҳолатда суннат, қайси ҳолатда вожиб бўлади?

Жавоб: Беш хил истинжо бор. Улардан иккитаси вожиб, бири суннат, яна бири мустаҳаб, бошқаси бидъатдир:

1. Жунублик, ҳайз ва нифосдан ғусл қилишдан олдин истинжо қилиш вожибдир.

2. Махражини (чиқадиган жойини) ошиб, дирҳам миқдоридан кўп жойга ёйилган нажосатларни, икки Имом (Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф)га кўра, ювиш вожибдир. Чунки фақат махражнинг ўзи сувдан бошқа нарсалар билан тозаланса ҳам тоза ҳисобланади. Махражнинг атрофи унга нажосат ёйилиб кетган бўлса, фақат ювиш билан тоза бўлади.

3. Нажосат чиқиш жойидан ёйилиб кетмаган тақдирда у жойни сув билан ювиш суннатдир.

4. Кичик ҳожат ўрнини ювиши мустаҳабдир.

5. Ел чиққандан кейин сув билан истинжо қилиш бидъатдир (“Мухтор”нинг шарҳи “Ихтиёр”).

Ҳожатхонага кирадиган одам, имкон қадар кийимини нажосат ва ишлатилган сув (оби мустаъмал)дан сақлаши мустаҳаб. Устида Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ёзилган узук ёки юзасида Қуръони каримдан бирор нарса ёзилган ҳар қандай нарса билан халога кириш макруҳдир (“Сирожул ваҳҳож”).

Савол: Менинг иккала қулоғим ҳам яхши эшитмайди. Намоз ўқишни бошлаганимга олти йилдан ошди. Намозни китоблардан ўқиб ўргандим. Масжидларда мавъиза қилаётган имомнинг овозини умуман эшитмайман. Махсус жиҳоз ўрнатиб кўрдим, аммо у қулоғимга тўғри келмади. Ана шундай пайтларда мен нима қилишим керак?

Жавоб: Ундай вақтларда сиз овозингизни чиқармай зикр, тасбеҳ ва салавотлар билан банд бўлганингиз маъқул.

Савол: Менинг тилим чучукроқ, яъни “р” ҳарфини айта олмайман. Шу сабабли баъзи оятларни тўғри талаффуз қилолмайман. Бунинг учун гуноҳкор бўлиб қолмайманми?

Жавоб: Сиздаги бу нуқсон туғма бўлгани ва уни тўғрилашнинг иложи йўқлиги сабаб, узрли саналасиз. Шундай бўлса ҳам, иложи борича “р” ҳарфи иштирок этмаган оятларни топиб ёдлаб, намозингизда ўшаларни қироат қилсангиз, яхши бўлади.

Савол: Эллик йилдан ошяптики, бод (ревматизм) хасталиги билан оғриб келаман. Таҳорат олсам, оёқларим оғриғи кучаяди. Айниқса, куз, қиш, баҳор пайтлари касаллик ўз кучини кўрсатади. Ёз ойларида таҳорат олиб, намоз ўқиб юрардим. Аммо ўтган йилдан бошлаб ёзда ҳам оғриқ кучайди. Шу сабабли таяммум қилиб намоз ўқимоқдаман. Шундай қилишим тўғрими?

Жавоб: Агар баданингизга сув тегиши билан касалингиз кучайишидан қўрқсангиз, таяммум қилишингиз жоиздир. Сизга махси кийиб юришингизни маслаҳат берамиз. Ота-боболаримиздан қолган бу қулай пойабзалнинг қишки, ёзги турлари бор. Ўшалардан фойдалансангиз, таҳорат масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади: маҳсига масҳ тортиб ибодатларингизни қилаверасиз.

Савол: Яқинда отам вафот этдилар. Ака-укаларим йўқлиги сабаб, эрим дафн ишларига бош-қош бўлди. Маҳалладаги баъзи оқсоқоллар эримга: “Марҳумнинг баъзи кийим-кечаклари, кўрпа-ёстиқ каби нарсаларидан ғассолга бериш керак”, дебди. Шу гап қанчалик тўғри?

Жавоб: Аслида, маййитни текин ювиш афзалдир (“Фатовойи Ҳиндия”). Агар ғассол текинга ювмаса, келишилган тартибда унга ҳақ бериш жоиз. Ғассолнинг бошқа нарсалар талаб қилиши жоиз эмас.

Савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Халқ орасида “Икки ийд орасида никоҳ тўйи ўтказиш мумкин эмас”, деган гап бор. Шу тўғрими? Динимизда қайси маҳалда никоҳ ўқиш ман этилган?

Жавоб: Бу гап ирим ва хурофотдир. Йилнинг исталган пайтида никоҳланиш, тўй қилиш мумкин. Динимизда имкони бор ёш йигитларни уйланишга, балоғат ва камолот ёшига етган қизларни тезроқ турмушга беришга тарғиб қилинган.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.