Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

 

 Савол: Тиланчиларга садақа бериш мумкинми?

Жавоб: Афсуски, меҳнат қилиб, пешона тери билан ризқларини топишлари мумкин бўлгани ҳолда, тиланчиликни ўзларига касб қилган ва шу орқали мол-дунё тўплашни мақсад қилганлар ҳам бор. Уларга садақа бериш мункар ишга ёрдам бериш бўлади. Чунки бир кунга етгулик егулиги бор кишининг тиланчилик қилиши ҳаромдир.

 

Савол: Биз кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Қурбон ҳайити кунларида ғайридин қўшниларимизга қурбонлик гўштидан берсак бўладими?

Жавоб: Ғайридинларга қурбонлик гўшти ва нафл садақалардан бериш жоиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ таоло сизларни динда сизларга қарши урушмаган ва ватанларингиздан чиқармаганларга яхшилик қилишларингиз ҳамда уларга нисбатан адолатли бўлишларингиздан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ таоло адолатлиларни севади” (Мумтаҳана, 8).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ғуломига: «Қўчқорни сўйиб, яҳудий қўшнига насиба бергин», деди. Бир соат вақт ўтгач яна деди: «Эй ғулом, агар қўчқорни сўйсанг, яҳудий қўшнимизга насиба бер». Ғулом деди: «Бу яҳудий кўшни бизларга азият беради-ку!» Абдуллоҳ ибн Амр:  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилаверганларидан бизлар қўшни меросхўр бўлса керак, деган гумонга бориб қолганмиз», деди.

 

Савол: Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим, беморнинг олдига қўйишмади. Шомдан сўнг касал кўрилмайди, дейишди. Шу тўғрими?

Жавоб: Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким кун ботганидан кейин касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунига қадар у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Эрталаб касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Абу Довуд ривояти). Таъкидлаш жоизки, шифохоналардаги беморларни кўриш учун белгиланган вақтларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Савол: Баъзан жамоатда ёнимда туриб қолган кишилар пичирлаб имом билан қироат қилиб туришади. Шундай қилиш тўғрими?

Жавоб: Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз” (Аъроф, 204).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимни (намозда) имоми бўлса, имомининг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қачонки имом қироат қилса, жим туринглар”» (Имом Муслим ривояти). Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари шу ҳадисларга суяниб ҳукм олганлар.