Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

 Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Биз томонларда майит қабрга қўйилгач, кафаннинг бош қисмини ечиб, марҳумнинг юзини қиблага қаратиб қўйишади. Шариатимизда шундай кўрсатма борми?

Жавоб: Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Динимизда майитни қабрга қўйишда кафаннинг боғичларини ечиб, марҳум қиблага юзлантириб қўйилади. Сиз айтгандек, бош қисмини очиб қўйиш эса умуман жоиз эмас.

 

Савол: Жума намози фарзининг биринчи ракатида имом-хатиб бир марта сажда қилгач, туриб кетди, табиийки, ортидан қавм ҳам эргашди. Имом қироатни бошламасдан иккинчи саждани қилмагани ёдига тушди ва дарров саждага кетиб, бир бор сажда қилгач, туриб иккинчи ракатга қироатни бошлади. Намоз сўнгида эса саждаи саҳв қилди. Айтинг-чи, шу билан намоз тўғри ўқилган ҳисобланадими?

Жавоб: Имомингиз жуда тўғри иш қилган. Намозда иккинчи сажда унутиб тарк қилинса, эсга тушиши билан дарҳол сажда қилиб олиш, намоз сўнгида эса саждаи саҳв қилиш керак.

 

Савол: Жамоат намозида имом адо этмаса, тобелар ҳам бажармайдиган ва аксинча, имом қилса ҳам, тобелар қилмайдиган амаллар борлигини эшитдим. Шу масалани кенгроқ ёритиб берсангиз.

Жавоб: Қуйидаги бешта амални имом тарк қилса, унга иқтидо қилганлар ҳам тарк қилишади:

1. Агар имом икки ҳайит намозининг такбирини айтмаса, қавм ҳам уларни айтмайди.

2. Агар имом қунут дуосини ўқимаса, жамоат ҳам ўқимайди.

3. Имом тўрт ракатли намознинг иккинчи ракатидан сўнг ўтирмаса, жамоат ҳам ўтирмайди.

4. Имом сажда оятини тиловат қилса-ю, тиловат саждасини қилмаса, қавм ҳам саждаи тиловатни адо этмайди.

5. Агар имом саждаи саҳв қилмаса, жамоат ҳам саҳв саждасини бажармайди (“Хулоса”).

Қуйида саналган амалларни имом тарк қилса ҳам, унга эргашганлар тарк қилмайди:

1. Имом такбири таҳримада қўлларини кўтаришни тарк қилса.

2. Имом санони (“Субҳанакаллоҳумма”ни) ўқишни тарк қилса. Бу масала қироати махфий қилинадиган намозларга тегишлидир.

3. Имом руку такбирини тарк қилса.

4. Имом саждаларнинг такбирини тарк қилса.

5. Имом руку ва сажда тасбеҳларини тарк қилса.

6. Имом “Ат-таҳийёт”ни ўқишни тарк қилса.

7. Имом салом беришни тарк қилса.

8. Имом ташриқ такбирларини тарк қилса (“Фатовойи Оламгирия”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.