Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар.

 

Савол: Қабристонда намоз ўқиш гуноҳ деб эшитдим. Ҳайитда айрим кишилар масжид ёнидаги қабрис­тон ичида туриб, имомга эргашишади. Уларнинг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Тўғри. Қабристонда, йўл ўртасида, туянинг ётоғида, ахлат-чиқинди ташланган жойларда, кушхоналарда (қассобхона), ҳожатхона ва таҳоратхоналарда, Каъбанинг устида, ҳаммомда (ювиниш жойларида), ўтиш жойлари ва йўл устида намоз ўқиш макруҳдир ("Фатовойи Ҳиндия", "Фатавойи Қозихон").

Сафдан узоқда туриб, эргашганнинг намози дуруст бўлмайди.

Қабрларни босиб ўтиш одобдан эмас.

Иложи борича ибодатларимизни камчиликсиз, тўлиқ адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим.

 

Савол: Баъзилар рукудан сўнг қаддини ростлаб улгурмай саждага кетаверади. Саждаларни ҳам орада тўла бир ўтириб олмасдан олдинма-ке­йин шошилиб қилади. Бу тарз­да амалларни тез бажаришнинг ибодатга зарари йўқми?

Жавоб: Имом Аъзам ва Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) назд­ларида рукудан турганда тикланиш суннатдир.

Имом Кархий, рукнларда тумания вожиб, деган ("Заҳирия"). "Муня"нинг шарҳида: "Рукнларда тумания дегани руку ва саждада аъзоларни бўғимлар ором олгунча тутиб туришдир. Унинг энг ози бир тасбеҳдир", де­йилган ("Фатовойи Ҳиндия", "Айний шарҳи Канз", "Наҳрул Фоиқ").

Ҳадисда: "Одамнинг ёмони руку ва саждани тўлиқ қилмаган кишидир", дейилган. ("Ҳидоя", "Маслакул муттақин").

Демак, шошилиб, рукунларни тўлиқ бажармаслик ибодатни камчиликли қилади. Бирон вожиб ё суннат тарк қилиниш билан намоз адо этилган бўлса-да, савоби тўлиқ бўлмайди. Ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишга ҳаракат қилайлик.

 

Савол: Баъзи жойларда меҳмонга атаб қўй сўйиш одати бор. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

Жавоб: Меҳмонга иззат-ҳурмат кўрсатиш фазилатли амаллардандир. Шу боис меҳмонга зиёфат қилиш мақсадида жонлиқ сўйиб, ундан таом тайёрлаб едириш яхши амал. Аммо меҳмоннинг оёғи остига сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди ("Фатовойи Ҳиндия"). Чунки банда ҳар бир амалини Аллоҳ учун қилиши зарур.