Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Ота-онасига оқ бўлиб, розилигини ололмай қолган фарзанднинг гуноҳи охиратда кечириладими?

 

Жавоб: Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабирадир. Абу Бакр Нафиъ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳи кабираларни сизга айтайинми?”, дедилар. Биз: “Ҳа, эй Расулуллоҳ!”, дедик. У зот: “Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”, дедилар”. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан “Гуноҳи кабиралар кечирилмайдими?” деб сўрашганида бундай жавоб берганлар: “Ширкдан бошқа баъзи гуноҳлар мағфират қилинади. Мен уларни билмайман. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо, 48).

 

Савол: Қаффол Шоший ҳазратлари ҳақида маълумот берсангиз.

 

Жавоб: Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби “имом” даражасига эришган буюк алломалар қаторида Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шоший ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари томонидан “Ҳазрати Имом” деб улуғланган ва баъзи манбаларда нисбаларига “катта, улуғ” маъноларини ифодаловчи “Кабир” сўзи қўшиб ёзилган. Аллома моҳир ҳунарманд ҳам бўлиб, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги билан ҳунармандлар орасида танилгани боис “Қаффол”, яъни қулфчи номи билан ҳурмат қозонган ва бу у зотнинг тахаллусига айланган. Аллома 904 (ҳижрий 291) йилда Шош (ҳозирги Тошкент)да туғилган.

Муҳаддис, фақиҳ, адиб, шоир ва тилшунос аллома бир қатор китоблар, жумладан, “Китоб фи усул ал-фиқҳ” (Фиқҳ усуллари китоби), “Шарҳ ар-рисола” (Рисола шарҳи), “Ал-Жадал ал-ҳасан”, “Жавомиъ ал-калим” (Ҳикматли иборалар тўплами), “Адаб ал-қози” (Қозининг одоби), “Маҳосин аш-шариъа” (Шариат гўзалликлари), “Далойил ал-нубувват” (Пайғамбарлик далиллари), “Ат-Талхис фил-фуруъ” (Фуруъдаги қисқартма) каби асарлар муаллифидир. Аллома ўзининг “Жавомиъ ал-калим” асарида 1200 та саҳиҳ ҳадисларнинг ровий ва иснодларини тўлиқ келтирган бўлса, “Маҳосин аш-шариъа” китобида Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг 1000 дан ортиқ ҳадисларини келтирган.

Аллома 976 (ҳижрий 366) йили вафот этган. Ўша йили қабри устига X аср меъморчилик услубига хос ихчам мақбара қурилади. Уни XV асрда Амир Темур ҳазратлари қайта бунёд этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 20 февралдаги “Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур мажмуа қайта таъмирланди.

 

Савол: Нафси аммора (ёмонликка амр қилувчи нафс) қутқуси ва шайтони лаъин васвасаларидан омонда бўлиш учун кўпроқ нима амалларни бажариш керак?

 

Жавоб: Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, тасбеҳ айтиш, намоз ўқиш ва бошқа яхши амалларни бажариш лозим. Жумладан, “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ” ва “Муваззатайн”ни (“Нос” ва “Фалақ” суралари)ни ўқиб, Раббил оламиндан паноҳ сўраб, дуою илтижолар қилиш лозим.

 

Савол: Мажусийлар ҳам аҳли китобданми? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

 

Жавоб: Қуръони каримда яҳудий ва насронийларни “аҳли китоб” деб зикр этилган. Шариатда Аллоҳ таоло ва Унинг Китобларидан баъзиларига ишониб, унга амал қилганлар “аҳли китоблар” дейилади. Яъни, яҳудий ва насронийлар аҳли китобдир. Яҳудийлар “Таврот”га, насоролар эса “Инжил”га амал қилишади.

Мажусийлар эса оташпараст, бутпараст, санампараст кимсалардир. Яъни, улар олов, Қуёш, Ой каби нарсаларга сиғинишади. Улар аҳли китоблардан ҳисобланмайдилар.

 

Савол: Ҳазрат, айримлар бирор авлиё номига атаб жонлиқ (ҳўкиз, эчки ёки товуқ) сўйишади ёки таомлар (ширгуруч, шавла сингари) пиширишади. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Бу мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди” (Бақара 173).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мозорларга, азиз-авлиёларга атаб жонлиқ сўйиш Исломда йўқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бирор жонлиқни Аллоҳ таолодан бошқасига атаб сўйиш мутлақо мумкин эмас (“Тафсири кабир”, “Тафсири Нишопурий”).