Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Жинлар таъсиридан қандай сақланиш мумкин?

 

Жавоб: Жинлардан сақланишнинг йўли эҳтиёткорликдир. Улар кўпинча шомдан кейин, яъни қоронғу тушаётган маҳалда теварак-атрофга чиқишади. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Хуфтонда идишларнинг устини ёпиб, мешлар оғзини боғлаб, эшикларни тамбалаб ва болаларингизни (уйда) олиб ўтирингиз, чунки (шу вақтда) жинлар атрофга тарқалишади...” (Имом Бухорий ривояти).

Шайх Абу Бакр Жазоирий айтади: “Агар Аллоҳ инсонни сақлаш учун вакил қилган фаришталар бўлмаганида эди, жин ва шайтонларнинг ёмонлигидан ҳеч бир зот нажот топмасди”(“Тафсири Насафий”).

 

Савол: Баъзан қабристонда қабрларни босиб юрган кишиларни кўрамиз. Шундай қилиш жоизми?

 

Жавоб: Маййитни дафн этиш чоғида ёки бошқа пайтларда қабрлар устини босиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб, терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир” (Имом Муслим ривояти). (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: “Садақа қилинг, садақа – радди бало” деган иборани эшитган баъзи кишилар ҳар хил бало-офатлардан омонда бўлиш учун садақа қилишади. Бу нарса ширк бўлиб қолмайдими ёки юқоридаги ибора нотўғрими?

 

Жавоб: “Садақа – радди бало”, дегани “Садақа балонинг қайтарилишига сабаб бўлади”, деганидир. Аллоҳ таоло садақа сабабли ҳар хил балоларни даф қилади.

“Садақа – радди бало”, жумласини садақанинг ўзи балоларни қайтаради, деб тушунмаслик керак.

Кишини ёки нарсани, ҳақиқатан, балоларни қайтаради, дейиш ширкдир (“Фиқҳул Акбар”).