Маҳр нима?

Савол: Никоҳ ўқилаётганида имом куёвга: "Маҳрга нима берасиз?" деб сўради. Бу сўзни ҳеч эшитмаган эканман, маҳр нима?

Жавоб: Маҳр никоҳ ақдининг бир мажбурияти бўлиб, келинга бериладиган пул ёки молдир. Қуръони карим ва суннат билан собит бўлган. Имом Аъзам мазҳабида маҳр­нинг энг ози ўн дирҳам кумуш (28.05 грамм) миқдори. Бундан оз миқдор белгиланса-да, у тайин этилади. Кўпининг миқдори чегараланмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Маҳрнинг энг яхшиси озидир", деганлар.

 

Маҳр берилмаса нима бўлади?

Савол: Эр хотинига маҳр­га деб нимадир ваъда қилса-ю, лекин маълум вақтдан кейин ҳам олиб бермаса, никоҳ ҳалол бўладими?

Жавоб: Никоҳ дуруст бўлишининг шарти бундай: турмушга чиқаётган келин икки эр ёки бир эр ва икки аёл ҳузурида: "Ўзимни бағишладим", дегач, турмуш қураётган эр: "Қабул қилдим", деб эшиттириб айтиши лозим. Бу сўзлар бир жойда айтилиши ва уни гувоҳлар ҳамда турмуш қурмоқчи бўлаётганларнинг ҳар бири эшитиши зарур.

Никоҳдан сўнг эр аёли билан бўлгач, маҳрни бериши вожиб бўлади. Агар бир муддат белгилаб насия қилган бўлса, муддати келгач, бериши лозим. Эр ваъдасини бажармай, маҳрни пайсалга солса, никоҳ бузилмайди, аммо аёл ўзидан эрининг баҳра олишига рухсат бермасликка ҳақли бўлади ("Фатовои Ҳиндия").

 

Қайтариб олса бўладими?

Савол: Унаштирилганда берилган моллар маҳрга ўтадими?

Жавоб: Агар улар ҳадя ва бош­қа мақсадлар ниятида берилмай, маҳр деб аталса, маҳр ўрнига ўтади. Унаштирилганидан сўнг икки томон келишолмай, никоҳ ақди қилинмаса, куёв келин томонга маҳр ўрнига берган барча молларни қайтариб олади. Шунингдек, ҳадя сифатида берган моллари ҳам қайтарилади ("Раддул мухтор").