Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Муаззин азон айтганидан кейин нафл намози ўқиш мумкинми?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Бу қайси вақт намозининг азони эканига боғлиқ. Пешин, аср, хуфтон намозлари азонидан сўнг нафл намоз ўқиш мумкин. Аммо бомдод намозига азон айтилгач, нафл намози ўқиш макруҳдир. Шом намози азонидан сўнг вақт зиқлигидан нафл намоз ўқилмайди (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Таҳоратсиз киши оят ўқиши, зикр, салавот айтиши мумкинми?

Жавоб: Ҳа. Таҳоратсиз зикр, салавот айтиш, Қуръонга қараб (уни ушламасдан), ё ёддан тиловат қилиш мумкин.

Савол: Хатми Қуръон қилиш деганда Қуъонни тўлиқ ўқиш тушуниладими ёки унинг озгинасини ўқиса ҳам бўлаверадими?

Жавоб: Қуръони каримни бошидан охиригача тўлиқ ўқиб чиқиш хатми Қуръон дейилади. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ворид бўлган ҳадисларда, Ихлос сураси фазилат бобида Қуръоннинг учдан бирига тенглиги айтилган. Шунга асосан, Ихлос сурасини уч бор ўқиш ҳам Қуръонни хатм қилишга тенглаштирилади ва бу “хатми сағир” (“кичик хатм”) дейилади.

Савол: Ақлдан озган кишининг талоғи ўтадими?

Жавоб: Агар ақлдан озган кишининг эси кирарли-чиқарли бўлса, яъни баъзида ўзига келиб, баъзида ақлдан озса, ҳушига келган пайтида оқил ҳисобланади. Жиннилиги тутган ҳолатида мажнун ҳисобланади. Бундай одамнинг эси жойидалиги пайтида берган талоғи ҳақиқий ҳисобланади. Эси оғган пайтда ёки тўлиқ жинни одамлардан эса, намоз, рўза каби таклиф кўтарилади ва уларнинг талоғи ҳам ўтмайди (“Баҳрур роиқ”).

Савол: Майитни юваётганда қандай дуолар ўқиб турилиши керак?

Жавоб: Майитни юваётганда, Аллоҳни зикр қилиб, майитни дуо қилиб туриш мустаҳабдир. Агар ғассол майитни юваётганида, унинг юзида нур ёки хушбўй сезса, уни одамларга айтиши яхши амаллардандир. Аммо бунинг аксини кўрса, одамларга айтиши ҳаромдир.

Савол: Майит ювилаётган хонада Қуръон тиловат қилиб туриш жоизми?

Жавоб: Майит ювилмай туриб, унинг ҳузурида Қуръон тиловат қилиш макруҳдир (“Фатовойи Оламгирия”).

Савол: Аёл майитни кафанлашда қизил (баъзи жойларда эса яшил) матодан лозим кийдиришар экан. Шу тўғрими?

Жавоб: Йўқ. На аёл, на эркак майитга лозим ё шим кийдирилмайди. Аёл кишини кафанлашнинг суннат миқдори: изор (узунлиги бошининг тепа қисмидан оёқларининг остигача бўлган энли мато), химор (рўмол), лифофа (узунлиги ва эни изорнинг узунлиги ва энича бўлган энли мато) ва хирқа (кўкрагидан тиззаларигача етадиган энли мато). Зарурат ҳолларида изор, лифофа, химорнинг ўзи кифоя қилади (“Фатовойи Оламгирия”). Энг яхшиси, кафаннинг оқ рангда бўлганидир (“Ниҳоя”).

Савол: Майитни ювмай туриб, таҳлил ўқиса бўладими?

Жавоб: Бўлади.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

ёзиб олди.