Алоуддин Косоний «Бадоеус саное» китобида айтади:

“Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Унда ўн марта салом берилади, беш тарвиҳа (дам олиш) бор. Ҳар икки саломдан сўнг бир тарвиҳа (дам) бўлади. Бунга далил шуки, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) рамазонда Убай ибн Каъбни имом қилиб, саҳобаларни жамладилар. Убай (розияллоҳу анҳу) уларга ҳар кечада йигирма ракатдан ўқиб берди. Буни ҳеч бир саҳоба инкор қилмади. Шунга биноан бу саҳобаларнинг ижмоси бўлди”.

 

Бурҳониддин Марғиноний «Ҳидоя»да айтади:

“Одамлар рамазон ойида хуфтондан сўнг жамоат билан беш тарвиҳа ўқишлари мустаҳабдир. Ҳар тарвиҳада икки салом бўлади (яъни, таровеҳ намози икки ракатдан ўқилади). Икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа миқдорида ўтирилади. Сўнг, витр жамоат билан ўқилади”. Тўғриси, у суннатдир. Ҳасан Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)­дан ана шундай ривоят қилган. Чунки рошид халифалар (ҳазрат Умар, Усмон, Али (розияллоҳу анҳум) уни тарк этишмаган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таровеҳни давомли ўқимаганлари сабаби у бизга фарз бўлиб қолишидан қўрққанлари эканини айтганлар.

 

Ушбу масалада келган ҳадислар:

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ривоят қилади: “Аллоҳ таборака ва таоло сизларга рамазон рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларида ибодат қилишни суннат қилдим. Ким имон билан, савоб умид қилиб, рамазон рўзасини тутса, кечаларида ибодат қилса (таровеҳ намозини ўқиш), гуноҳларидан онаси туққан кундагидек пок­ланади” (Насоий).

Соиб ибн Язид айтади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) замонидан бери рамазон ойи кечқурун йигирма ракат ва витрни (жамоат билан) ўқир эдик”. Бошқа ривоятда “Улар Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) замонида рамазон ойида кечқурун йигирма ракат ўқир эдилар” (Байҳақий “Маърифа”да ривоят қилган).

Яҳё ибн Саид айтади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир кишига имом бўлиб, одамларга йигирма ракат ўқиб беришни буюрди” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган).