Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматул­лоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
Савол: Узоқ йиллар муқаддам ҳарбий хизматдан уйга қайтиш олдидан бир хизматдош дўстим билан кийимларимизни алмаштириб туришга келишдик. Нимадир бўлди-ю дўстимнинг кийимлари менда қолиб кетди. Зиммадаги банданинг ҳақини, у кечмагунича ё ўтилмагунича Аллоҳ таоло кечмаслигини эшитганимдан бери ўйлайман. Энди нима қилсам бўлади? Дўстимнинг ҳозир ҳаётлигини ҳам, қаерда яшашини ҳам билмайман...
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд...  Бундай ҳолатда ўша кийимни ёки унинг қиймати миқдоридаги пул муҳтожларга садақа қилинади.
 
Савол: Закотга қодир одам закотини беролмай, вафот этса, унинг закотини меросхўрлари бериши керакми?
Жавоб: Закот фарз бўлган одам уни адо этмай вафот этса, ундан закот соқит бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Муҳит”).
 
 
Савол: Менинг кўпайтириш учун боқаётган қўйларим бор ва уларнинг миқдори нисобга етади. Мен закот учун ажратган қўйларимнинг ўзини беришим шартми ёки унинг қийматини берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Закот, каффорат, фитр садақаси, ушр, назр каби тўловларда бериладиган нарса ёки ҳайвон ўрнига уларнинг қиймати миқдорида пул берса ҳам бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Ҳидоя”).
 
Савол: Маҳалламизда камбағал оила бор. Мен бу йил закотимни ўшаларга бермоқчи эдим. Лекин яқинда ўзига тўқ ён қўшни­мизнинг қарзга ботиб қол­ганини эшитдим. Закотимни шу қўшнимга берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Албатта, бўлади. Закотни қарздор кишига бериш фақир кишига бергандан кўра яхшидир (“Баззозия”).
 
 
Савол: Қазо рўзаси тутаёт­ган одам рўзасини қасддан буз­са, унга каф­форат вожиб бў­ла­­­ди­­ми?
Жавоб: Йўқ, у фақат ўша куннинг қазосини тутиб беради.
 
Савол: Зиммасида уч йиллик қазо рўзаси бор одам уларни кетма-кет тутиши керакми ёки бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўладими?
Жавоб: Кетма-кет тутиши шарт эмас. Ҳолатига қараб, бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўлади.
 
Савол: Америкадан уйга қайтмоқчиман. Сафарим кечқурун бошланади. Саҳарлик вақтида самолётда бўламан. Уйим Тошкентда. Мен қайси жойнинг вақтига кўра саҳарлик ва ифторлик қиламан?
Жавоб: Қаерда бўлсангиз, ўша ерда тонг отмасидан оғиз ёпасиз. Келадиган жойингизда қуёш ботиши билан ифторлик қиласиз.
 
Савол: Таровеҳ намози неча ракат? Уни жамоат билан ўқиш керакми?
Жавоб: Таровеҳ намози йигирма ракатлиги ва уни жамоат билан ўқилиши ҳадиси шарифларда билдирилган (“Мароқул фалоҳ”). “Нурул изоҳ”нинг шарҳида таровеҳ намозининг йигирма ракат эканига ишонмаганлар бидъат аҳлидан бўлади дейилган.
Эркакларнинг масжидда жамоат билан ўқиган намозларининг савоби уйда ўқиган намозларидан 27 баробар ортиқлиги ҳадиси шарифларда баён қилинган. Аёлларнинг эса беш вақт намоз, жума, ҳайит намози ва таровеҳ намозларини ўқиш учун масжидга боришлари жоиз эмас (“Раддул мухтор”).
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
ёзиб олди.