Олимлар валийга турлича таъриф беришган. Ғунаймий Майдоний айтади: “Валий, Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлган киши. Уни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Аллоҳ таоло ибодати ва тоатига берилган, унда давомли бўлган кишидир”. Саъдуддин Тафтозоний “Шарҳул ақоидин насафийя”да айтади: “У Аллоҳни таниган, тоатларда давомли, маъсиятлардан узоқ бўлган, лаззат ва шаҳватлардан сақланган кишидир”. Ҳайсамий: “Улар илмларига амал қилиш ҳамда адашиш ва тойилишлардан сақланиш билан Аллоҳнинг ва бандаларнинг ҳақларини адо этган кишилардир”, деб таъриф берган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У солиҳ кишиларни дўст тутар» (Аъроф, 196). Розий «Тафсир»ида айтади: “Валий сўзи луғатда “яқин” маъносини англатади. Банда кўп тоат ва ихлос билан Аллоҳга яқин бўлса, Аллоҳ унга ўз раҳмати, фазли эҳсони билан яқин бўлади. Натижада валийлик юзага келади”.

«Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)­га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир» (Юнус, 62–64). Аллоҳ таоло бу оятларда “Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир”, деб валийларнинг сифатларини келтирган. Тақво қилиш – Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтишдир.

“Ал-Валий” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири. Қуръони каримда бундай дейилади:

«Аллоҳнинг ўзигина Валий (чин дўст)дир» (Шўро, 9);

«У (мўминларга) Валий (дўст) ва Ҳамид (ҳамд эгаси)дир» (Шўро, 28);

«Дарвоқе, сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Расули ва имон келтирганлар ҳамда намоз ўқийдиган ва руку қилган ҳолларида ҳам закот (садақа) берувчилардир» (Моида, 55).

Валий маъсум бўладими?

Валий пайғамбар каби мутлақ маъсум бўлмайди. Баъзи камчилик, қусурлар, тойилишлар бўлса-да, гуноҳларга ботишдан асралган бўлади.

Валийнинг каромати ҳақ

Каромат фавқулодда, одатдан ташқари ишдир, Аллоҳ таоло уни солиҳ кишининг қўлида жорий қилади. Валийнинг каромати бўлиши шарт эмас. Валийлар кароматни талаб қилмайдилар ва агар ўзларида содир бўлса, бошқаларга билдиришни истамайдилар.

Валийларнинг кароматлари Қуръон оятлари ва собит хабарлар билан тасдиқланган. Марям онамизнинг олдида ризқ пайдо бўлиши, Ҳизр (алайҳиссалом)нинг кемани тешишлари, болани ўлдиришлари, деворни тиклаб қўйишлари воқеалари каромат саналади.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг Мадинада минбарда хутба қилиб турганларида бошқа юртда жангда бўлган кишига “Эй Сория, тоғ томонга!” дейишлари, ўша кишининг буни эшитиши уларга берилган кароматдир.

Валий ўзининг валийлигини биладими?

Бу тўғрида олимлар икки фикр айтишган: 1) билмайди. Чунки у валийлигини билса, Аллоҳдан қўрқиш ундан кетиб қолади. Валийликнинг шартига кўра, то унга ўлим фаришталари тушгунича чин қўрқувда бўлиши керак (Фуссилат, 30/41). Ҳеч ким охир-оқибати нима бўлишини билмайди; 2) ўзи ҳам билиши, бошқалар ҳам унинг валийлигини билиши мумкин. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн нафар саҳобийнинг жаннатий эканини билдирганлар. Бу улардан қўрқувнинг кетишига сабаб бўлмаган. Балки улар Аллоҳ таолога кўпроқ ибодат қилганлар, Ундан кўпроқ қўрққанлар.