“Азон” луғатда билдириш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, фарз намоз вақтини махсус лафзлар билан билдиришдир.
 
Азоннинг ҳукми
Ҳанафий мазҳабида азон таъкидланган суннатдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Намоз вақти бўлса, бирингиз азон айтсин ва катталарингиз имом бўлсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Азон Мадинада биринчи ҳижрий йилда машру бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мусулмонлар Мадинага келганларида йиғилиб, намоз вақтини кутиб ўтирардилар. У вақт намозга азон айтилмасди. Бир куни намозга чорлаш тўғрисида гаплашиб қолдилар. Баъзилари: “Насронийларнинг қўнғироқларига ўхшаган қўнғироқ қилиб олсак-чи”, дейишди. Бошқалар: “Яҳудийларникига ўхшаш бурғу қилиш керак”, деди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Бир киши намозга чақириб турса, қандай бўлади?” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Билол, туринг, намозга чақиринг”, дедилар».
Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни намозга чақириш учун қўнғироқ ясаб, одамларни намозга чорлаш учун уни чалишни буюрган куни, тушимда бир киши қўлида қўнғироқ билан атрофимда айланди. Мен: “Қўнғироқни сотасизми?” дедим. У: “Уни нима қиласан?” деди. Мен: “У билан намозга чақирамиз”, дедим. У: “Сенга ундан яхшироғини айтайми?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ. Ҳаййа алас солаҳ, Ҳаййа алас солаҳ. Ҳаййа алал фалаҳ, Ҳаййа алал фалаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ, дейсан”, деди... Уйғонганимдан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб, тушимни айтдим. У зот: “Бу ҳақ тушдир, иншааллоҳ. Билолнинг олдига бориб, унга ўргат, шуларни айтиб, одамларни намозга чорласин. Унинг овози сеникидан баланд”, дедилар. Мен бориб, Билолга айтиб турдим. У азон айта бошлади. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) буни уйида туриб, эшитиб, ридосини судраб чиққанича: “Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасам, ё Расулуллоҳ, мен шунга ўхшаш туш кўрдим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ҳамд бўлсин!” дедилар» (Абу Довуд ривояти).
 
Азоннинг машру бўлиш ҳикмати
Азон намоз вақти кирганини билдириш, Аллоҳнинг исмини улуғлаш, Унинг шариатини ошкор қилиш, Расулининг улуғлигини билдириш, одамларни нажот ва саодатга чақириш учун машру бўлган.
 
Азоннинг фазли
Азон Аллоҳ таолога яқин қиладиган хайрли амаллардан биридир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Одамлар азон ва биринчи сафда қандай фазилатлар борлигини билишганида ва бунга эришиш учун қуръадан бошқа йўл топа олмаганларида қуръа ташлашган бўлишар эди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна у зот: “Муаззинлар қиёмат куни бўйинлари энг узун кишилардир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
 
Азоннинг лафзлари
“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ. Ҳаййа алас солаҳ, Ҳаййа алас солаҳ. Ҳаййа алал фалаҳ, Ҳаййа алал фалаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ”. 
Муаззин бомдод намози азонида охирги “ҳаййа алал фалаҳ”дан кейин икки марта “ас-солату хайрун минан навм” дейишини барча фақиҳлар суннат, дейишган.
 
Азоннинг шартлари
Намоз вақтида айтилиши; 
Азон араб тилида бўлиши;
Лаҳн қилмаслик (яъни, қўшиққа ўхшатиб айтмаслик);
Азон жумлаларини кетма-кет айтиш;
Баланд овозда айтиш.
 
Азоннинг суннатлари
Азонни қиблага қараб, “ҳаййа алас солаҳ”да бошини ўнг томонга, “ҳаййа алал фалаҳ”да чап томонга буриб айтиш суннатдир.
Азоннинг ҳар жумлаларидан сўнг бироз тўхтаб, шошмасдан айтилади.
 
Муаззинга қўйилган шартлар:
Муаззин мусулмон, эркак, ақли расо, балоғатга етган шахс бўлиши керак. 
Муаззинга мустаҳаб амаллар:
Муаззин таҳоратли, солиҳ, овози чиройли, азон вақтида бармоқларини қулоғига қўйиб туриши, тик турган ҳолда азон айтиши, намоз вақтларини билиши, ўзи иқомат айтиши, азоннинг савобини умид қилиши мустаҳабдир.
 
Азон қайси намозлар учун айтилади?
Азон беш вақт намозларнинг адосига ҳам, қазосига ҳам айтилади. Жаноза, витр, икки ҳайит намозларига азон айтилмайди. 
 
Азонга ижобат
Азонни эшитган киши муаззин айтгандек такрорлаб туриши, “ҳаййа алас солаҳ” ва “ҳаййа алал фалаҳ”дан сўнг “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дейиши, “ас-солату хайрун минан навм”, деганида “садақта ва барарта”, дейиши суннатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ким шундай қилса, жаннатга киради, деганлар. 
 
Чақалоқ қулоғига азон айтиш
Абу Рофеъдан ривоят қилинади: “Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳасан ибн Алини туққанларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қулоғига намозга айтилгандек азон айтганларини кўрдим” (Абу Довуд ривояти).
Абдулазим МУҲАММАДИЙ 
тайёрлади.