Ҳанафий мазҳаби китобларида иқомат хусусида бундай дейилади:
Алоуддин Самарқандий “Туҳфатул фуқаҳо”да айтади: 
“Барча олимлар, иқомат азон кабидир, деганлар”. 
Косоний “Бадоеус саное”да айтади: 
“Барча олимлар, иқомат азон кабидир, деганлар”... Бунга далилимиз: Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисидир. Унда «Фаришта азон айтгач, бироз туриб, яна айни ўша лафзларни айтди ва охирида икки марта “Қад қоматис солаҳ”ни қўшди», дейилган. Яна Абу Маҳзура (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисида “Иқомат эса, ўн етти калимадир” дейилган. Иқомат лафзлари икки мартадан айтилгандагина ўн еттита бўлади. Иброҳим Нахаъий айтди: “Одамлар иқомат калималарини икки мартадан айтардилар. Бани Умайя чиқиб, иқомат калималарини битта-битта айтадиган бўлишди”.
Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”да айтади:
«Иқомат ҳам азон кабидир. Фақат унда “фалаҳ”дан кейин (муаззин) икки марта “Қад қоматис солаҳ” дейди. Фаришта шундай қилган. Бу машҳурдир».
Шу мавзудаги баъзи ҳадислар:
Абу Маҳзура (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга иқомат ўн етти калима эканини ўргатдилар (Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, тушимда бир кишини кўрдим. У турди, эгнида иккита яшил чакмони бор эди. У бир девор устига туриб, ҳар жумласини қайтариб азон айтди, сўнг ҳар жумласини қайтариб иқомат айтди”, деди (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган).
Яна бир ривоятда келишича, Абдуллоҳ ибн Зайд Ансорий (розияллоҳу анҳу) азонни туш кўрди ва келиб буни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтиб берди. У зот: “Буни Билолга ўргат!” дедилар. Билол (розияллоҳу анҳу) азон калималарини икки мартадан айтди ва яна калималарни икки мартадан айтиб, иқомат туширди. Бир марта ўтирди (Таҳовий “Осорус сунан”да ривоят қилган).