Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматул­лоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
Савол: Тушида Маккаи мукаррамага, ҳаж зиёратига борса ёки “Сенинг ҳажинг қабул бўлди”, деган нидо эшитса, у одамнинг­ зиммасидан ҳаж соқит бўладими?
Жавоб: Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Гарчи бу каби тушлар яхши, солиҳ тушлар ҳисобланса ҳам, туш шаръий далил бўла олмайди. Шу сабабли тушида намоз ўқиган, ҳаж қилган одамнинг зиммасидан у ибодатлар соқит бўлмайди.
 
Савол: Аёл одат деб ўйлаган қон уч кунга етмай тўхтаб қолса, ибодатлар масаласида у қандай йўл тутади?
 
Жавоб: Аёлнинг одатидан бошқа вақтда қон уч кунга етмай тўхтаса, ҳайз ҳисобланмайди. У вақтда қолдирган намозлари ва рўзаларининг қазосини ўтайди (“Ал-Бадоиъ”).
 
Савол: Маълумки, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши закот ва фитр садақаси миқдори ҳақида фатво чиқаради. Унда нисоб асосан олтин баҳоси асосида чиқарилади. Эшитишим бўйича, нисобни аниқлашда кумушни ҳам асос қилиб олиш шариатимизда бор экан. Олтин ва кумушнинг баҳоси орасида каттагина тафовут бор. Улардан қай бирига асосланиб нисоб чиқарган маъқул?
 
Жавоб: Тижорат молларини баҳолаш­да олтин билан кумушдан қайси бири билан баҳолаш камбағалларга фойдалироқ бўлса, ўша билан ҳисоблаш лозимлиги ҳақида фуқаҳоларнинг барчалари иттифоқ қилишган (“Фатовойи Оламгирия”, “Ҳидоя”, “Мухтасар”).
 
Савол: “Мужтаҳид” нима дегани? Кимлар мужтаҳид бўла олади?
 
Жавоб: “Мужтаҳид” сўзи луғатда интилганига етиш учун бутун куч-қувватини сарфловчи маъносини билдиради. Истилоҳда шаръий занний далиллардан ҳукм чиқариш салоҳиятига эга фақиҳ мужтаҳид дейилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўпгина саҳобалари ҳам мужтаҳид бўлишган. Мужтаҳидлар уч даражага ажратилган: ­1. Мутлақ мужтаҳид. Буларга тўрт мазҳаб имомлари киради. 2. Мазҳаб даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фил мазҳаб); у ҳар қандай масалани фақат ўз мазҳаби асосчиси манбаларига суянган ҳолда ҳал этган. 3. Айрим масалаларни ечиш даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фит таржиҳ); у ўзидан аввалги мужтаҳидлар ҳал этмаган масалаларни тадқиқ этиш ҳуқуқига эга бўлган. Агарда кўрилаётган масала бўйича ҳукмлар бир неча бўлса, у ўзининг илмий салоҳиятига кўра, улардан бирини қувватлаши мумкин бўлган. Мужтаҳид араб тилини, усули фиқҳни, Қуръон ва ҳадис илмларини билиши шарт. Мужтаҳиднинг одоб-ахлоқи, турмуш тарзи намунали бўлиши лозим. 
 
Савол: Онам яқинда вафот этдилар. Кексачилик, тишлари тушиб кетиб, сунъий танг­лайли тиш (протез) қўйдир­гандилар. Табиийки, ясама тиш олиб қўйилганди. Бундан хабар топган отинойи: “Марҳумага тегишли нарса олиб қолиниши мумкин эмас, тезда онангизнинг қабрларини очиб, ясама тишларини кўмиб қўйинг, акс ҳолда руҳлари безовта бўлиб, туши­нгизга кираверадилар”, деб таъкидлади. Очиғи, бундай қилишга қўрқяпман. Ҳурматли муфтий ҳазратлари! Маслаҳат беринг, нима қилай?
 
ЖАВОБ: Отинойининг гапи мутлақо асоссиздир! Ясама тиш одамнинг аъзоси ҳисобланмайди. Бинобарин, уни кўмиш лозим эмас. Аёлларга тўғри йўлни кўрсатиши, насиҳат қилиши лозим бўлган отинойиларнинг бундай хурофий, уйдирма гапларни айтиб юриши ачинарли ҳолдир. Бу каби ҳолатлар отинойиларнинг диний саводхонлигини, билимларини ва малакаларини ошириб бориш кераклигини билдиради.
 
Савол: Бир маросимда тумов бўлиб қолган одам билан битта лагандан ош ­ейишга тўғри келди. Кўнг­лим хижил бўлди. Ташқарига чиққач, бир танишимга бу тўғрида гапирсам, у: «Кўнглингизга олманг, “Касаллик юқиши йўқ нарса” деган ҳадисни эшитмаганмисиз?» деб сўради. Ҳайрон бўлдим – ахир шамоллаш, грипп­нинг юқумли касаллик экани маълум-ку?!
 
Жавоб: Ҳадис шориҳлари: «Касаллик юқиши йўқ нарса...» мазмундаги ҳадисдан мурод, “ҳеч бир киши Аллоҳнинг изни ва тақдирисиз касал бўлмаслигини уқтиришдир”, дейишган (“Баён линнос”, “Зодул маод”).
Гоҳида касал олдида бўлиш, Аллоҳ таолонинг изни билан, касал бўлишга сабаб бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Туялари касал бўлган киши уларни ўзганинг соғ туя­ларига қўшмасин”, деганлар.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.