Тасбеҳ айтиш ёки “Субҳаналлоҳ” де­йиш мусулмон кишининг кундалик амалларидан ҳисобланади. Луғатда “тасбеҳ” сўзи улуғлаш, “Субҳаналлоҳ” дейиш зикр, намоз маъноларини англатади. Қуръони каримда «Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳни зикр этинг!» дейилган (Рум, 17).
Журжоний тасбеҳни: “Ҳақ таолонинг ҳар қандай нуқсон-камчиликдан поклигини ёд этиш, улуғлаш”, деб таърифлаган.
Тасбеҳ айтаётган, яъни, “Субҳаналлоҳ” деяётган киши қалбида унинг маъносини англаб, Яратганининг улуғлигидан қўрқув ва ҳайбат ҳосил бўлиши лозим.
Тасбеҳ айтувчи ўтирган бўлса, қиблага юзланиши, бошини қуйи эгиб, вазмин ва виқорли, хокисорлик ва хушу билан ўтириши афзалдир.
Тасбеҳни таҳоратсиз ҳолда ҳам айтиб юрса бўлади.
Тасбеҳ айтганда овозини баланд кўтармайди, ўзи эшитадиган, ёнидаги одам эшитмайдиган қилиб айтиши лозим.
Тасбеҳ айтишнинг муайян вақти йўқ. Уни барча вақтларда айтиш жоиз. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳни барча вақтларда зикр қилар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Жимоъ ва хутбадан бошқа вақтда, ҳожатхона ва ифлос жойлардан бошқа жойда тасбеҳ айтса бўлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тонг отганда ва кеч кирганда тасбеҳ айтишга тарғиб қилиб: “Ким тонг отган ва кеч кирганда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” (Аллоҳ барча нуқсонлардан пок, Унга ҳамд айтаман) деса, қиёмат куни ҳеч ким ундан яхши нарса билан келмайди. Фақат у айтганидек ёки ундан кўп айтган киши ундан яхши нарса билан келиши мумкин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абдулазим МУҲАММАДИЙ
тайёрлади.