Жамоат намозида сафни тўғри ва жипс қилиш суннатдир. Намозхонлар жамоат намозида бир-биридан олдинга чиқмай жипс бўлиб, елка ва оёқ тўпиқларини бир чизиқда туриши, ораларида бирорта ҳам очиқ жой қолдирмасликлари керак. Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саф­ларингизни тўғриланг, сафни тўғрилаш намознинг комиллигидандир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
 
Сафда туриш тартиби:
Аввал олдинги саф тўлдирилади. Би­ринчи саф тўлмасдан иккинчи сафга турилмайди. Олдинги саф тўлмай туриб, орқа сафда турмайди.
Имом сафларнинг олдида, ўртасида туради.
Имомдан бошқа бир эркак ёки бир бола бўлса, имомнинг ўнг томонига туради, орқасида турмайди. Бунда унинг оёқ­ларининг бармоқлари имомнинг товони тўғрисида бўлиши лозим.
Сафнинг яхши жойи имомнинг орқаси, сўнг ўнг томон, сўнг чап томондир.
Имом бир киши билан намоз ўқиётганида яна бир киши жамоатга қўшилса, имомнинг ёнидаги кишини орқага тортиб, бир сафда туради ёки имом олдинга чиқади.
 
Биринчи сафнинг фазилати:
Эркаклар сафларининг энг афзали биринчи сафдир. Аёллар сафларининг афзали энг охирги сафдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билганларида, сўнг бунга фақат қуръа ташлаб эришишдан бошқа йўл топмаганларида, қуръа ташлаган бўлар эдилар” (Муттафақун алайҳ).
 
Жаноза намозида саф тортиш:
Жаноза намозида ҳам сафларни тўғри қилиш суннатдир. Бунда камида учта саф қилиш яхши. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимга уч сафда жаноза ўқилса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).