Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Ассалому алайкум ва раҳматул­лоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
Савол: Саждада аёллар бош бармоқларининг учи  бурун катакларини тўсиб туриши керакми?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Йўқ. Аёллар рукуъда ҳам, саждада ҳам бармоқларини жипслаштириб туради, саждада қоринларини сонларига ёпиштиради. Қўлларини биқинларига жипс қилиб тортган ҳолда, билакларини ерга қўйиб, иложи борича йиғиниб-қимтиниб сажда қилади («Хулоса»).
 
Савол: Мен қаъдада ўнг томонга ўтираман. Чап томонга ўтирсам, мувозанат сақлолмай ағанаб кетаман. Намозим қабул бўлармикан?
Жавоб: Аёллар қаъдада ўтирганида оёқларини ўнг томонга чиқариб, чап ёнга ўтириши керак. Сиз иложи борича шундай ўтиришга ҳаракат қилинг. Агар иложи бўлмаса, ўнг ёнга ўтирсангиз ҳам бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларга осонликни хоҳлайди, қийинчилик, машаққатни хоҳламайди.
 
Савол: Бомдод ва шом намозларининг икки ракат суннатида Ихлос сурасидан ке­йин Фалақ ва Нос сураларини ўқиса бўладими?
Жавоб: Бўлади. Намозда қироатнинг фарз миқдори – битта узун ёки учта қисқа оятни ўқишдир. Унда фалон сура ўқилсин ёки ўқилмасин деб белгиланган жойи йўқ. Аммо бир намозга доимо битта сурани ўқишни тайин қилиб олиш дуруст эмас.
 
Савол: Шукри вузуъ (та­ҳорат олгандан кейин ўқи­ладиган нафл) намозини қандай вақтларда ўқиш мумкин эмас? 
Жавоб: Куннинг уч маҳалида ҳар қандай намозлар, жумладан, нафл намозларни ўқиш мумкин эмас. Булар: қуёш чиқаётганда, қуёш тик келган маҳал (қиёмда) ва кун ботаётган (шу кунги аср намози истисно) вақтида. Шунингдек, тонг отганидан сўнг, имом хутба қилаётганида, аср ва шом намозлари оралиғида нафл намози ўқиб бўлмайди.
 
Савол: Биз томонларда (Фар­ғона вилоятининг ту­ман­­лари­дан бирида) эҳ­сон сўнгида дастурхондаги ҳамма нарсани кетаёт­ган меҳ­мон­лар­­га ула­шиб бери­шади. Динимизда шундай қилиш бую­­рил­ган­ми?
Жавоб: Бу ҳолатда ихтиёр эҳсон соҳибида бўлади: истаса, дастурхонга қўйган ҳамма нарсани келганларга бериб юбориши мумкин. Шу ўринда масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратиш керак: баъзи ҳудудларда тўй-маросимларга келган аёлларнинг эҳсон қилувчидан сўрамай дастурхондаги нарсаларни тугиб олиб кетиши одати бор. Бу мутлақо жоиз эмас. Чунки бу ҳолатда хонадон эгаси келганлар еб-ичиб кетишлари учун дастурхон тузаган бўлади. Ортганини сўроқсиз тугиб олиб кетиш эса кишининг ҳаққини ноҳақ ейиш билан баробардир.
 
Савол: Қорни кесилиб боласи олинган хотин нифосли (лоҳуса) бў­ла­ди­ми?
Жавоб: Агар хотин бачадонидан қон келмаса, қорни кесилиб бола туғса ҳам, лоҳуса саналмайди. Фақат ғусл қилиши, намоз ўқиши, рамазон бўлса, рўза тутиши керак («Ал-фиқҳ ала мазҳабил арбаъа»).
 
Савол: Хал­қи­миз орасида «икки ҳайит орасида никоҳ тўйи қи­либ бўл­май­ди» деган гап бор. Бу­нинг шаръий асоси бор­ми?
Жавоб: Бу мутлақо хурофот ва шаръий асоси, далили йўқ гапдир. Аксинча, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрат Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)га икки ҳайит орасида – шаввол ойида уйланганлар. Демак, икки ҳайит орасида тўй қилиш мумкин ва ҳатто мустаҳаб экан.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
ёзиб олди.