Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Савол: Тутолмаган рўзаларим фидясини берсам бўладими?
 
Жавоб: Соғлом, куч-қувватли кишилар тутолмаган рўзалари учун фидя беришлари мумкин эмас. Улар қолдирган рўзалари қазосини имкон қадар тутишлари лозим. Агар қолдирган рўзаларининг қазосини умрлари охиригача тутишолмаган бўлса ва тутолмаган рўзалари каффорати беришни фарзандларига васият қилсалар бўлади.
Рўза тутишга ярамайдиган қари кишилар, яъни кундан- кун мадори кетаётган чол ёки кампирлар Рамазон рўзасининг ҳар бир куни учун фидя берадилар (фидя миқдори ҳар йили Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилиб борилади). Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади (“Ҳидоя”, “Фатовойи Ҳиндия”).
 
Савол: “Барзах” ҳаёти нима? Шу ҳақда маълумот берсангиз?
 
Жавоб: “Барзах” сўзи икки нарса оралиғи деган маънони билдиради. Шариат истилоҳида эса инсон вафот этганидан сўнг то қиёматгача бўлган вақтини “барзах” ҳаёти дейилади. 
Инсон қабрга қўйилганидан сўнг икки фаришта – Мункар ва Накир Аллоҳ ва Унинг расули, дини ҳақида сўраши, шундан кейин қабрда роҳат ёки азобнинг бўлиши ҳақдир (“Фиқҳул Акбар”).