Зулҳижжа ойининг 8 кунига Тарвия куни дейилади. Бу куни ҳожилар Маккадан Минога чиқишади.

Тарвия дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар Замзам сувидан қониб-қониб ичишларидир. Тарвия тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим (а.с.) тушларида ўғиллари Исмоилни (а.с.) қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний, дея ўша кунни тафаккур билан ўйчан ҳолда ўтказадилар. Шунга кўра, бу кунга Тарвия (тафаккур) куни дейилади. Арафа кечаси “Сенга буюрилган нарсани адо эт!” амри берилгач, бу тушнинг раҳмоний эканини англаб етадилар. Шунинг учун ҳам мазкур кун “арафа” (билмоқ) деб аталди. Бу 9-зулҳижжа бўлиб, бошқа кунларга арафа дейилмайди.

Арафа куни бомдод намозидан ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача 23 фарз намозни тугатиб, салом бергач, ташриқ такбири ўқиш вожибдир. Яъни салом берган заҳоти ҳеч нарса айтмасдан туриб бир марта “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил хамд” дейилади. Масжиддан чиққач ёки гапириб қўйгандан кейин ўқиш лозим эмас. Имом такбирни унутса ҳам, жамоат тарк этмайди. Аёллар паст овозда ёки ичларида айтишади. Эркаклар баланд овозда ўқиши мумкин. Бу такбир келтириладиган кунлар Арафа, байрам ва айёми ташриқ дейиладиган уч кундир, жами беш кунни ташкил этади. Илк кунга Арафа, иккинчи кунга Байрам ёки Ҳайит, Зулҳижжанинг 11, 12, 13 кунларига айёми ташриқ (ташриқ кунлари) дейилади.