Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Савол: Хаёлимизга келадиган баъзи бир ёмон фикрлар эътиқодимизга зарар қилмайдими?
Жавоб: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизларнинг бирларингизга шайтон келади-да, “Буни ким яратди? Мана бунисини-чи?” деб, ҳатто “Раббингни ким яратди?” дейди. Қачон шу ҳолат бўлса, Аллоҳдан паноҳ тиланг (“Аъузу биллаҳи минашшайтонир ражийм”) денг ва у хаёлни унутинг” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Қалбдаги васвасаларни айтмаса, гуноҳ бўлмайди. Ёмон хаёллардан қутулиш учун Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб, кўп зикр айтиш зарур.
 
Савол: Кўча-кўйда очиқ-ойдин гуноҳ иш қилаётган кишининг айбини бошқаларга айтиш ғийбат бўладими?
Жавоб: Одамларни менсимасдан, мусулмонларнинг ҳурматига риоя қилмасдан кўчада очиқ-ошкора гуноҳ қилаётганларнинг айбини бошқа одамларга огоҳлантириш маъносида айтиш ғийбатга  кирмайди. 
 
Савол: Мен ҳозир шаҳарда яшайман. Туғилиб, ўсган қиш­лоғимдаги уйимга борсам муқим ҳисобланаманми?  
Жавоб: Киши ўз шаҳридан (қишлоғидан) кўчиб, бошқа бир шаҳарга (қишлоққа) бориб жойлашса, сўнг сафарга чиқиб ўзининг олдинги яшаган жойига борса ва у ерда  ўн  беш  кун  туришни  ният қилмаса, мусофир ҳисобланади. Намозни қаср ўқийди (“Ҳидоя”).