Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Қибла тарафда ухлаб ётган ёки гаплашиб ўтирган одамнинг ортида намоз ўқиса бўладими?

Жавоб: Қиблага қараб ўтирган ё турган кишининг ортида намоз ўқиса бўлади. Пайғамбаримиз Икримани қиблага юзлантириб қўйиб ортида намоз ўқиганлар.

Аммо намозхонга юзланиб турган ёки уни ибодатдан чалғитадиган даражада баланд овоз билан гаплашаётганлар ёнида, қибла тарафида ухлаб ётган киши қиршисида ўқиш макруҳдир (“Шарҳи Аврод”).

 Савол: Мусулмон эр ёки аёл бошқа диндагилар билан турмуш қуриши мумкинми?

Жавоб : Мусулмон киши аҳли китобларнинг аёлларига уйланиши жоиз. Аҳли китоб Таврот, Инжилга эътиқод қилувчилардир. Қуръони каримда: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, аҳли китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ёки махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин Китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир). Ким, имондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Моида, 5), дея марҳамат қилинган.

Мусулмон киши оташпараст, бутпараст ёки бошқа шунга ўхшаш ой, қуёш каби нарсаларга сиғинувчилар билан ҳам турмуш қуриши мумкин эмас. Аммо муслима аёл бошқа диндагиларга эрга тегиши мумкин эмас (“Ҳидоя”).

 

Савол: Мен баъзан унутган ҳолда намозда зам сурадан олдин “Басмала”ни айтаман. Бунинг намозга зарари йўқми?

Жавоб: Ҳар ракатда Фотиҳа сурасидан олдин “Басмала” айтиш суннат, Фотиҳа билан зам сура ўртасида “Басмала” айтмаслик суннатдир.

“Муҳит” китобида Фотиҳа билан зам сура ўртасида “Басмала” айтилмайди, агар айтса макруҳ бўлади, дейилган (“Ҳидоя”, “Шарҳул Виқоя”, “Маслакул муттақин”).

 Савол: Намозда эснаш яхши эмас, деб эшитдим. Аммо эснаш ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?

Жавоб: Ибодат пайтида эснаш хушуъ ва хузуъни кетказади. Бошқа пайтларда ҳам эснашни уламолар яхши санашмаган. Шу сабаб намозхон эснашни қайтаришга ҳаракат қилиши лозим. Аммо қайтаролмаса чап қўли орқаси билан оғзини ёпиши керак.

Қиёмда турган пайтда кўп ҳаракат бўлмаслиги учун ўнг қўл орқаси билан оғиз беркитилади. Чунки қиёмда намозхоннинг ўнг қўли чап қўлининг устида бўлади. Аммо олдин эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Қудурий айтади: “Кўп бор синадик, эснашни қайтаришга ҳаракат қилинса, у тўхтар экан” (“Фатовойи Қозихон”).

“Туҳфатул мулук” китобида, Пайғамбаримизнинг намозда асло эснамаганларини, кўнгилдан ўтказиб, Аллоҳ таолога чин дилдан итоатли, илтижоли ҳолатда туриш одамни намозда эснаш каби ортиқча ҳаракатлардан сақлайди, дейилган (“Шарҳул Виқоя”).

Абдулвоҳид ЎРОЗОВ оққа кўчирди.