Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматул­лоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
Савол: Мен умра ва ҳаж амалларини бажариб бўлганимдан сўнг ўтиб кетган отам, онам ва аёлим номларидан ҳам навбатма-навбат эҳром боғлаб, умра қилдим. Энди уларни ҳожи отам, ҳожи онам, ҳожи аёлим десам бўладими?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Фиқҳий манбаларга кўра, умра зиёратини бадал сифатида бошқа кишининг адо этиши машруъ эмас, лекин нафл умра қилиб, савобини бошқаларга ҳадя этиш жоиз, дейилган («Жавҳара»). Энди уларни эслаганда “ҳожи” дейишингизга келсак, сиз улар учун умра қилдингиз, ҳаж эмас. Бундан ташқари, уларнинг исмига бундай қўшимча қўшиш руҳларига бирор манфаат келтирмайди.
 
Савол: Биз томонларда (Қўқонда) умра, ҳаж амалларини бажариб қайтган айрим зиёратчиларни оила аъзолари, яқинлари томонидан карнай-сурнай ва дабдаба билан кутиб олиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу ҳолатга қандай муносабат билдирган бўлардингиз?
Жавоб: Бундай қилиш мутлақо нотўғри ва исрофдир! Ҳаж қилган киши зиммасидаги фарзини адо этган бўлади, қилган ҳажи Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлганми-йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган қутлуғ фурсат – ҳаж қилиш имконияти берилган киши, шунинг шукронасини қилиб, қайтганидан кейин амали қабул бўлишини сўраб Яратганга ёлвориши ва гуноҳ-маъсиятлардан қатъий тийилиши керак. Зеро, ҳажи қабул бўлганининг белгиларидан бири ҳам шу, аслида.
 
Савол: Уйда ўтказиладиган эҳсон маросимларида хизмат қилаётганлар бўш жой йўқлигидан ёзилган дастурхон ўртасидан юрсалар гуноҳ бўладими?
Жавоб: Емоқчи бўлган таомларимиз пок жойда турсин деб дастурхон ёзамиз. Таомларимизни қўлларимизни ювиб еймиз. Шундай бўлгач, чанг ва бошқа нарсалардан холи бўлмаган оёқ билан дастурхонни босиш одоб ва тозалик қоидаларига, инсон табиатига зиддир.
 
Савол: Эҳсон-йиғинларга кирганимизда баъзилар чап қўлда чой қуйганларни койиб беришади. Шу иш тўғрими?
Жавоб: Чойни қайси қўлда қуйиш муҳим эмас. Муҳими чойни ўнг қўл билан ичиш. Чунки бу суннатдир. Бизнинг мусибатимиз – муҳим бўлмаган нарсалар устида бошимизни қотириб, зарур, қилмаган қаттиқ гуноҳкор бўладиган фарз, вожиб, суннат амалларни ўрганишга, бажаришга етарлича эътибор бермаслигимиз, бунинг ўрнига қайсидир, қилса савоб бўлиши ҳам даргумон масалаларда ихтилоф чиқариб, бир-биримизни ранжитиб юришимизда. Ҳар бир амалнинг даражаси, ҳукми, фазилати бор. Уларни билиш учун китоб ўқиш керак, имом-домлалардан сўраш керак, хуллас, ўрганиш керак, тинимсиз ўрганиш...
 
Савол: Маҳаллага тайинланган имом кунда беш вақт намозни ўқиб бериши шартми?
Жавоб: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги вакиллик­лари томонидан имом-хатиблар, уларнинг ноиб­лари маҳаллага эмас, балки масжидларга тайинланади. Тайинланган имом-хатиблар, улар бўлмаганида эса ноиблари беш маҳал намозни ўқиб беришлари шарт.
 
Савол: Намозда ўқиладиган сура ёки оятларнинг маъносини билиб ўқиш керакми?
Жавоб: Намозда ўқиладиган сура ва оятларнинг маъносини билиш шарт эмас. Уларни тўғри ўқиш шарт. Чунки оятларни маъно бузиладиган даражада хато ўқиш намознинг бузилишига сабаб бўлади.
 
Савол: Аллоҳ таолодан кўп йиллар сўраган дуомиз ижобат бўлиб, бизни фарзанд неъмати билан сийлади. Шунинг шукронасига қўй сўйиб ақиқа маросими қилмоқчи эдим. Лекин шу кунларда акамнинг иши юришмай, қарзга кириб қолди. Муфтий ҳазратлари, маслаҳат беринг, нима қилай: ақиқа қилганим савоблироқми ёки акамнинг қарзини узганимми?
Жавоб: Бизнинг ҳанафий мазҳаби­мизда ақиқа вақтидан узр билан кечиктирилиши жоиз. Қийин вазиятда қолган бир мусулмонга, устига-устак туғишган акангизга ёрдам қилиш, машаққатини енгиллатишнинг савоби, шубҳасиз, беқиёсдир. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг дунёда бир мушкулини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги мушкулини осон қилади”, деганлар. Шунинг учун яқинларингизнинг қарзини узинг.
Аллоҳ таоло биз ва сизни доимо эзгу ишларга муваффақ қилсин. Омин.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.