Алоуддин Самарқандий “Туҳфа­тул фуқаҳо”да айтади: 
«Намозда қироат қилиш барча олимлар наздида фарздир... Зеро, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Қироатсиз намоз йўқ”, деганлар. Бу ҳукм имом ва намозни ёлғиз ўқувчига тегишли. Мазҳабимизда муқтадий (имомга эргашувчи)га қироат лозим эмас».
 
Алоуддин Косоний “Бадоиъус са­ноиъ”да­ буни қуйи­дагича шарҳлайди:
Чунки оятда бундай буюрилган: «Қуръон ўқилганда уни тингланг ва сукут сақланг! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф, 204). Бу амр Қуръон тиловат қилинганда эшитишни ва сукут сақлашни ифода этади. Шунинг учун Қуръон овоз чиқарилмай ўқилганида, уни эшитиш мумкин бўлмаса-да, сукут сақлаш лозим. Зеро, Қуръон ўқилганда сукут қилиш вожиб бўлади. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) бу оят нозил бўлганида улар имом орқасида қироат қилишни тарк этишганини айтганлар. Уларнинг имомлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар. Шундан аёнки, Қуръон ўқилганида сукут қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буйруқлари билан собит бўлган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом унга эргашиш учундир. Унга хилоф қилманглар. Агар у такбир айтса, такбир айтинг. Агар қироат қилса, сукут сақланг”, деганлар.
Бу имом қироат қилганида сукут қилишга амрдир. “Қироатсиз намоз бўлмайди” ҳадисига келсак, муқтадийнинг намози қироатсиз намоз эмас, балки қироатли намоздир. Зеро, имомнинг қироати муқтадий қироатидир. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг (намозда) имоми бўлса, унда (намозда) имомининг қироати унинг қироати бўлади”, деганлар.
 
Бурҳонуддин Марғиноний “Ҳидоя”да айтади:
«Имомга эргашувчи унинг орқасида қироат қилмайди... Бунга бизнинг далилимиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Кимнинг (намозда) имоми бўлса, унда (намозда) имомнинг қироати унинг қироати бўлади”, деганларидир. Имомга иқтидо қилганнинг қироат қилмаслигига саҳобалар ижмо қилишган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар имом қироат қилса, сукут сақланглар”, деганлар».
 
Шу мавзуда нақл қилинган бошқа баъзи ривоятлар:
Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Агар (имом) қироат қилса, сукут қилинг” (Имом Муслим).
Яна у кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга таълим бериб: “Агар намозга турсангиз, бирингиз сизга имом бўлсин. Агар имом қироат қилса, сизлар жим туринглар”, дедилар» (Имом Аҳмад “Муснад”да ривоят қилган).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Имом унга эргашиш учундир. Агар такбир айтса, такбир айтинг. Агар қироат қилса, жим туринг”» (Насоий).
Жобир (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Имоми бор ҳар бир киши учун имомнинг қироати унинг қироати бўлади” (Ибн Абу Шайба).
 
Абдулазим Муҳаммадий 
тайёрлади.