Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар
 
Савол: Имомга иқтидо қилаётганда Фотиҳа ҳамда зам сурани ўқиш мумкин эмаслигини яхши биламиз. Лекин баъзиларнинг имом билан бирга пичирлаб қироат қилаётгани эшитилиб қолади. Бу ҳақда уламоларимиз нима дейишади?
Жавоб: Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) жаҳрий намозда ҳам махфий намозда ҳам имом орқасида турган кишини қироат қилмаслигини айтганлар.
Бу сўзларига Қуръони каримдан далил қилиб, Аъроф сурасининг 204-оятини келтиради: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимни (намозда) имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар».
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, имом унга иқтидо қилиниши учун қўйилгандир. Бас, агар (имом) такбир айтса, такбир айтинглар ва агар қироат қилса, жим туринглар”».
 
Савол: Масжидларда намоз ўқиётганларнинг олдидан бемалол ўтиб кетиш ёки орқасидаги кишининг намозни тугатишини кутмасдан туриб кетиш ҳоллари учрайди. Бунинг ҳукми ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
Жавоб: Пайғамбаримиз бир ҳадисларида “Агар одамлар намоз ўқиётганнинг олдидан ўтиш қандай катта гуноҳ эканлигини билганларида эди, 40 (кун ёки 40 ой ёки 40 йил) бўлса ҳам кутар эдилар”, деб марҳамат қилган эканлар (Муттафақун алайҳ). Аслида, ривоятда уч хил муддат кўрсатилмаган, балки Пайғамбаримиз мазкур ҳадисларида 40 сонини тилга олганлар, холос. Уламолар эса 40 сонини уч хил талқин қилиб, 40 кун, 40 ой ёки 40 йил деб фатво беришган.
Пайғамбаримизнинг 40 лафзини ишлатишлари ушбу гуноҳнинг оғир эканлигига далолатдир ҳамда уни қиладиган одамлар учун етарли қайтариқдир.
 
Савол: Кишилар орасида ўз мансаби ва бойлигига ишониб бошқаларни менсимаслик, такаббурлик қилиш ҳоллари учраб туради. Булар  ҳақида  шариатда  нима  дейилган?
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам кишилар орасида бойлиги ва мансабига орқа қилиб, бошқаларни менсимаслик ҳоллари учраб туради. Ислом шариати инсонларни кибр қилишдан, манманлик ва бошқаларни менсимасликдан қайтаради. Бу каби сифатлар шайтони лаъиннинг сифатларидандир. Зеро, шайтон ҳам такаббурлиги, манманлиги сабаб Аллоҳ даргоҳидан қувилган.
Қуръони каримда Исро сурасининг 37-оятида бундай марҳамат қилинади: «Ер юзида кибр­ланиб юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан».
Яҳё ибн Жаъдадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кимнинг қалбида мисқол заррасидек кибр бўлса, жаннатга кирмайди”» (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Қуръони каримда Наҳл сурасининг 23-оятида бундай марҳамат қилинади: «Шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам билур. Албатта, У  мутакаббирларни севмас».
Иёз ибн Ҳимордан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло менга умматларингиз тавозели бўлсинлар, бир-бирларига такаббурлик қилиб ҳаддан ошмасинлар ва ўз ҳақларида фахрланиб гапирмасинлар, деб ваҳий қилди”» (Имом Муслим ривояти).
Мутакаббирлик, манманлик ва бошқаларни менсимаслик оғир гуноҳдир.