Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар
 
Савол: Қуръони каримда, муборак ҳадисларда ота-­она олдида “уфф” дейишдан қайтарилган. Аммо бошқа жойларда киши “уфф” деб юбориши мумкин, бундай пайтда тавба қилиш керакми?
Жавоб: “Уфф” дейиш, ўрнига қараб, турлича маъноларни ифодалайди. Баъзида у норози бўлиш, сиқилиш маъноларини билдирса, айрим ҳолларда чарчоқни англатади. Шунинг учун фиқҳ китобларида, жумладан, юртдошимиз Низомиддин Шошийнинг “Хамсийн” ёки “Усули Шоший” деб номланган асарида агар “уфф!..” дейишдан ранжиш, безор бўлиш маъноси қасд қилинмаса, ота-она олдида “уфф” дейишнинг зарари йўқдир, дейилади. 
Оғир ишдан сўнг чарчоқни ифодалаш маъносида бўлса, “уфф!..”ни ишлатиш мумкин.
 
Савол: Фолбинларнинг гоҳо рост гапиришлари сири нимада?
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин бу гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Унутманг, фолбинларнинг гапларига ишониш куфрдир (Аллоҳ асрасин).
 
Савол: Фитна нима,  шу ҳақда маълумот берсангиз? 
Жавоб: “Фитна” луғатда “ажаблантирмоқ”, “адаштирмоқ”, “синамоқ” каби маъноларни билдиради. Қуръони каримда: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир” (Бақара, 191), дейилган.
Имом Табарий мазкур ояти каримадаги “фитна” сўзини ширк ва куфр деб таъвил қилган. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: "Одам боласи икки нарсани ёмон кўради. Биринчиси, ўлим. Ҳолбуки, ўлим фитна қилишдан яхшироқдир. Иккинчиси, молу дунёнинг озлиги. Ҳолбуки, у (охиратда) ҳисоб-китобнинг озлигидир" (Имом Аҳмад ривояти). Яна ҳадиси шарифда: “Фитна вақтида қиличлари­н­гизни синдиринг, уйларингизнинг ичидан чиқманг, битта одамнинг болалари каби бўлинг!” дейилган (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Фитна бу инсон ўз аҳли, моли ва нафсини намози, рўза, садақаси ва амри маъруф наҳйи мункардан устун қўйи­шидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
 
Савол: Бизнинг водий томонларда бир одат бор, одамлар қабристон зиёратига борганда, қабр усти ва атрофларига дон сепадилар, бошқа бировлар эса, олиб борган донига дуо ҳам ўқишади. Бу нарса шариатимизда борми?
Жавоб: Йўқ. У каби ишлар жоҳилият одатларидандир. Қадимда жоҳилият замонларида одамлар қабрлар ёнига дон-дун қўйиб кетишлари тарихдан маълум.
Қабр усти ва атрофига дон сочиш донни исроф қилишдир. Исроф нафақат бизнинг динимизда, балки барча динларда ман қилинган. 
 
Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?
Жавоб: Ашуро кунининг (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) ўзида тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай рўза тутиш, иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайи­тидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутишни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш мак­руҳ бўлмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эдилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам макруҳдир.
 
Савол: Имомга иқтидо қилган одам имом адашиб кетганида унга луқма берса, имом унинг тузатишини олмаса намоз бузиладими?
Жавоб: Имомга иқтидо қилган одам ўз имомига луқма берса-ю, имом шу луқмани олмаса, имомнинг ҳам, луқма берганнинг ҳам намози бузилмайди. “Мухтасар ул-Виқоя”да ўз имомидан бошқага луқма бериш намозни бузиши, ўз имомига луқма бериш ҳар қандай ҳолатда намозни бузмаслиги айтилади. Намозхон намоз ўқимаётган одамнинг луқмасини олса, унинг намози  бузилади. 
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни намозда адашиб кетдилар. Ҳеч ким луқма бермади. Намоз тугаганидан сўнг у зот Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: “Биз билан намозда биргамидинг?” дедилар. Ундан тасдиқ жавобини олгач: “Унда сени (луқма беришдан) нима ман қилди?!” дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти). 
Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу): “Бизлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларидаёқ ўз имомларимизга луқма берар эдик”, деди (Имом Ҳоким ва Заҳабий ривояти).
Бироқ намозхон жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Имоми адашар-адашмас дарҳол луқма беравермаслик керак. Имом ҳам намознинг вожиблари адо бўлгунча қироат қилаётиб адашиб қолса ёки оятлар давоми эсига келмай қолса, дарҳол рукуга кетиши зарур.