Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Киши ўзи ишлаб турган муассаса ёки бирор бир ташкилотдан келажакда ойлик маошидан секин-­аста тўлаш шарти билан қарз олиб ҳажга бориши мумкинми?

 
Жавоб: Ҳаж ибодати қодир бўлган кишига фарздир. Етарли маблағи бўлмаган кишига ҳаж фарз эмас.
 
Савол: Маълумки, ҳаж мавсумида тирбандлик сабаб­ли эҳромнинг йиртилиш ҳоллари бўлади. Ўша ҳолатда эҳромни ямаш жоизми ёки янгисига алмаштириш керакми?
 
Жавоб: Хоҳласа, тикиб олади, хоҳламаса, бошқасига алмаштиради, ҳар иккиси ҳам жоиз. Аммо эҳром бирор нарсага илиниб йиртилса ёки тешилса, уни ип билан чатиб ёки ямоқ солиб тикишнинг зарари йўқ.
 
Савол: Мен ғусл қилаётганда исроф қилмаслик мақсадида жуда кам сув ишлатаман, шу тўғрими?
 
Жавоб: Ғуслда сувни ортиқча исроф қилмаслик, шунингдек, жуда камайтириб юбормаслик, қиблага юзланмаслик суннат амаллардандир. 
 
Савол: Ҳазрат, айримлар бирор авлиё номига атаб жонлиқ (ҳўкиз, эчки ёки товуқ) сўйишади ёки таомлар (ширгуруч, шавла сингари) пиширишади. Шу тўғрими? 
 
Жавоб: Бирор жонлиқни Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйиш, мутлақ мумкин эмас. Аллоҳ тао­ло бундай огоҳлантиради: «У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (қатъий) ҳаром қилди» (Бақара, 173).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мозорларга, азиз-авлиёларга атаб жонлиқ сўйиш Исломда йўқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
 
Савол: Овқатдан кейин нима учун дуо қилинади?
 
Жавоб: Таомдан сўнг дуо қилиш суннатдир. Ривоятларда келтирилишича, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) таомдан сўнг бундай дуо қилардилар: “Алҳамдулиллаҳиллази атъамана ва сақона ва жаъалана минал муслимин” (Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жамоасидан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!) 
Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда бир луқма таом еб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, ё бир қултум сув ичиб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар.