Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш ҳукми нима?
 
Жавоб: Дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш суннатдир.
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл бармоқларининг учлари елкалари баробарида бўларди” (Имом Байҳақий).
Сойиб ибн Язид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар (Имом Байҳақий).
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуога қўл қўтарсалар, уни юзларига суртмасдан туширмас эдилар" (Имом Термизий ривояти).
 
Савол: Бир танишим ўғлига Муҳаммад исмини қўйса, қариндошлари бу исм болага оғирлик қилади,  дебди.  Шу тўғрими?
 
Жавоб: Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрганлар: “Қиёмат кунида ўз исмларингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун чиройли исм қўйингизлар!” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Исм болага оғирлик қилади, деган гап хатодир. Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зотнинг исми ҳам оғир бўладими?! Ҳолбуки, бу каби исмлар муборак исмлардир. 
Ҳадиси шарифда бундай дейи­лади: “Пайғамбарларнинг исмлари билан исм қўйингиз! Аллоҳ таолога энг ёқимли исм Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир” (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривояти).
 
Савол: Ҳозирги пайтда одамлар арасида бўлар-бўлмасга қасам ичиш  ҳолатлари  учраб турибди. Бу ёмон бўлмайдими? 
 
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларни оталарингиз номи билан қасам ичишдан қайтаради. Кимки қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Кўпчилик ўзаро суҳбат қилиб туришганида гапига бошқаларни ишонтириш мақсадида “нон урсин”, “тил тортмай ўлай”, “кўзим чиқсин” сингари ибораларни келтиришади. Аллоҳ таоло номидан бошқа нарсалар билан қасам ичиш гуноҳи кабирадир. Инсон, фақат зарур бўлса Аллоҳ номи билан қасам ичиши мумкин. Ҳатто Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи  ва саллам), фаришталар, Каъба, жон, бош кабилар билан қасам ичиш ҳам хатодир.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бир кишининг “Каъбага қасамки”, деганини эшитиб қолиб, «Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичма. Мен Расулуллоҳнинг “Ким Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичса, куфр ёки ширк келтирибди” деганларини эшитганман», деди.
Демак, Аллоҳга имон келтирган, ўзини мўмин-мусулмон ҳисоб­лаган кишининг турли нарсалар номи билан қасам ичиши жуда катта гуноҳдир. Қасамхўрлиқдан йироқ бўлиш ҳақиқий мусулмоннинг фазилатидир.
 
Савол: Эҳтикор нима?
 
Жавоб: Эҳтикор, луғатда, нарсанинг баҳосини ошишини кутиб, сақлаб туришдир. Шариатда одамлар ва ҳайвонлар озуқини сотиб олиб, нархини ошишигача сақлаб туриш эҳтикор ҳисобланади. Мазкур нарсаларни сотиб олиб сақлаб туриши, агар кишиларга зиён қилса, макруҳ бўлади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким бирор озуқани қирқ кунгача эҳтикор қилса, у Аллоҳ таолодан безган, Аллоҳ таоло ҳам ундан безор бўлган бўлур” (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Ҳоким ривоятлари).
Киши ўз даласида етиштирган ҳосилини сақлаб туриши эҳтикор бўлмайди (“Ҳидоя”, “Мухтасарул виқоя”).
 
Савол: Мунажжимлар башоратига ишонган киши гуноҳкор бўлмайдими? 
 
Жавоб: Мунажжимлар ғайбни билишни даъво қилишади. Ғайбни фақат Аллоҳ таоло билади.
«(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас» (Жин, 26).
 Ҳадиси шарифда: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).