Қуйидаги уч вақтда фарз намози ҳам, жаноза намози ҳам, тиловат саждаси ҳам жоиз эмас:
Қуёш чиқа бошлаганидан кўтарилиб, оқаргунгача бўлган вақтда.
Қуёш тиккага келиб, заволга кетгунча бўлган вақтда.
Қуёш қизғиш тусга кириб, ботаётган вақтда.
 
Бу вақтларда Байтуллоҳни тавоф қил­гандан сўнг ўқиладиган икки ракат нафл намоз ва таҳийятул масжид намозини ўқиш макруҳ. Жаноза ана шу вақтлардан олдин ҳозир бўлган бўлса, сажда ояти у вақтлардан олдин ўқилган бўлса, жаноза намози ўқиш ва тиловат сажда қилиш бу вақтларда жоиз бўлмайди. Аммо агар шу вақтларда жаноза ҳозир бўлган ва сажда ояти ўқилган бўлса, жаноза намозини ва тиловат саждасинигина адо этилса, жоиз. Бу вақтларда қазо намозларни ўқиш ҳам жоиз эмас («Фатовойи Ҳиндия»). 
Қуйидаги вақтларда эса, нафл намоз ўқиш макруҳ:
Тонг отганидан бомдод намози ўқилгунича.
Бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунича.
Аср намозидан кейин қуёш ботгунича.
Бу вақтларда нафл ўқиш макруҳ. Фарзлар ва вожибларнинг қазосини ўқиш бу вақтларда кароҳатсиз жоиздир. Тавофдан кейин ўқиладиган икки ракат ва таҳийятул масжид намозларини у вақтларда ўқиш макруҳдир...
Тиловат саждаси, жаноза намози каби вожибларни бу вақтларда адо этиш кароҳатсиз жоиздир...
Қуёш ботгандан кейин шом намозидан олдин нафл ва бошқа намозларни ўқиш макруҳ. Чунки бу шомни ўз вақтидан кечиктиришга олиб келади. 
Тун ярмидан сўнг хуфтонни адо қилиш макруҳ. Чунки бу жамоатнинг камайишига сабаб бўлади.
Жума куни хутба вақтида намоз ўқиш макруҳ. Чунки бу хутбани эшитмасликка сабаб бўлади. 
Имом хутбага чиққан вақтда. Хутбани бошлашидан олдин ва хутбани тугатганидан сўнг то намозни бошлагунча нафл ўқиш макруҳ. 
Имом жамоат намозини бошлаганидан сўнг қавм нафл намоз ўқиши макруҳ. Бундан бомдод намози истисно қилинади. Киши агар жамоат намози ўтиб кетишидан қўрқмаса, бомдоднинг суннатини ўқиб олиши мумкин. 
Ҳайит куни намозгоҳга келган киши учун ҳайит намозидан олдин нафл ўқиш макруҳ (Алоуддин Самарқандий. «Туҳфатул фуқаҳо»). 
 
Ушбу мавзуда келган баъзи ҳадислар:
Уқба ибн Омир Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Уч вақтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни намоз ўқишдан ва ўликларимизни кўмишдан қайтарар эдилар: қуёш чиқ­қанидан то кўтарилгунча, қуёш тиккага келиб, заволга кетгунча, қуёш ботишга эниб, то ботгунича”(Имом Муслим ривояти). 
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Бомдоддан сўнг қуёш кўтарилгунча намоз йўқдир, асрдан сўнг қуёш ботгунча намоз йўқдир”” (Имом Бухорий ривояти). 
Амр ибн Абаса (розияллоҳу анҳу)­нинг айтишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга бундай дебдилар: “Бомдодни ўқи, сўнг қуёш чиққунича намоздан тийил. Қуёш чиққач, кўтарилгунча намоз ўқима. Албатта, қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқади. Шунда унга кофирлар сажда қилади. Кейин асрни ўқигунингча намоз ўқийвер. Кейин қуёш ботгунча намоздан тийил. Албатта, қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасига ботади. Ўшанда унга кофирлар сажда қилади”(Имом Муслим ривояти). 
Имом Муҳаммад Имом Абу Ҳанифадан, у киши Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан ривоят қилади, у киши Иброҳим Нахаъийдан шомдан олдин намоз ўқиш ҳақида сўраганида, у киши бундан қайтариб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ва Умар (розияллоҳу анҳу) шомдан олдин намоз ўқишмас эди”, деган (Имом Муҳаммад “Китобул осор”да ривоят қилган). 
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Биронтангиз масжидга кирганда имом минбарда бўлса, имом тугатмагунча намоз ҳам, гап ҳам йўқдир”” (Табароний “Кабир”да ривоят қилган). 
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Ким жума куни имом хутба қилиб турганида гапирса, у худди китоблар ортилган эшак кабидир. Унга “Жим бўл!” деган кишининг эса, жумаси (қабул) бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти). 
 
Абдулазим Муҳаммадий 
тайёрлади.