Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
Савол: Биз томонларда (Сурхондарёда) ерлар қаттиқ, тошлоқ. Ер қазиш, жумладан, қабр кавлаш анча машаққатли. Қиш кунларида бу машаққат икки карра ортади ва анча вақт талаб этади. Шунинг учун бир одам вафот этса, қабр тайёр бўлишига қараб, жаноза вақтини суришга тўғри келади. Баъзан пешин намозидан кейин жаноза белгиланса-да, қабр тайёр бўлмагани сабаб жанозага келганлар асргача кутиб қолади. Шу боис саволим: қабрни олдинроқдан кавлатиб қўйиш мумкинми?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Фиқҳий китобларда киши тириклик вақтида ўзи учун қабр кавлатиб қўйиши мумкинлиги айтилган (“Фатовойи Ҳиндия”, “Музмарот”)  (“Татархония”).
Динимиз маййитни, имкон қадар, тез дафн этишни буюрган. Шунга асосан, жойлардаги қабристон мутасаддилари маслаҳати билан, гўрковлар бўш вақтларида бир-икки қабр қазиб, тайёрлаб қўйишса, ёзнинг иссиқ, қишнинг аёзли кунларида маййитни дафн этиш чўзилмайди. Маййит яқинлари ва таъзияга келганларнинг қимматли вақти ҳам тежалади. 
 
Савол: Бир мусулмон вафот этса, унинг жанозасига қатнашиш учун бориладими ёки маййитни кўтариш учунми?
Жавоб: Вафот этган мусулмоннинг жанозасини ўқиш ҳам, дафн этиш ҳам фарзи кифоядир. Шунинг учун имкони бўлса, жаноза намозида ҳам, дафн этишда ҳам қатнашиш керак. Аммо маййит яқинлари маййитни ўзлари дафн этишга қурблари етиб, “рухсати ом” дейишса, дафн маросимида иштирок этмаса ҳам бўлади.
 
Савол: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг номлари зикр қилинганида баъзилар салавот айтаётиб, эгилиб гўё таъзим қилишади. Шу тўғрими?
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтаётганда эгилиш хатодир. Зеро, бу ишда таъзим, ибодат маъноси бор. Динимизда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга қуллик қилинмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ҳам мақташлари ва таъзим қилишларини ёқтирмас, камоли камтарлик ила ўзларини зикр қилганларида “Аллоҳнинг қули ва расулиман”, дея аввал банда эканларини изҳор этардилар.
 
Савол: Масжидларда қибла томондаги деворларда оятлар ёзиб қўйилади. Шу жоизми?
Жавоб: Агар ёзув тушиб кетмаса ва оёқ-ости бўлмаса, жоиздир (“Ниҳоя”).
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.