Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
Савол: Орзу қилишнинг ҳам шаръий чегараси борми? Киши ножўя орзулари учун гуноҳкор бўладими?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Орзу, агар дунёга муҳаббатни зиёда қилиб, охиратни унуттирадиган даражада бўлмаса, унинг зарари йўқ, Ҳар бир нарсанинг ҳадди бор. Орзуда ҳам ҳаддан ошмаслик, турли бидъат, хурофот ва исрофгарликларни орзу қилмаслик керак. Шунингдек, ношаръий нарсаларни орзу қилишдан сақланиш лозим. Зеро, бу каби орзулар киши қалби пок эмаслигини билдиради ва у амалга ошмаган тақдирда гуноҳ ёзилмаса ҳам, эгасини охир-оқибат ёмон йўлларга олиб боради.
 
Савол: Масжидга кирганимда жамоат хуфтоннинг фарзини ўқиётган экан. Мен имомга эргашдим. Лекин намоз сўнгида мен биринчи ёки иккинчи ракатга улгурганимни эслолмай иккиланиб қолдим. Сўнг иккинчи ракатдан қўшилдим, деган қарорга келиб, имом салом берганидан кейин туриб, яна бир ракат ўқидим. Лекин кейинроқ имомга биринчи ракатга эргашганим ёдимга тушди. Мен хуфтоннинг фарзини тўрт ракат эмас, балки беш ракат қилиб адо этибман. Мен намозни қайтадан ўқишим керакми?
Жавоб: Йўқ, қайта ўқишингиз керак эмас Чунки сиз айтган ҳолатда намоз бузилмаган, намознинг барча арконлари адо этилгандир.
 
Савол: Баъзи жойларда меҳмон келганида қўй сўйиш одати бор. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?
Жавоб: Меҳмонни сийлаш, иззат-ҳурмат кўрсатиш фазилатли амаллардандир. Шу боис меҳмонга зиёфат қилиш мақсадида жонлиқ сўйиб, ундан таом тайёрлаб, едириш яхши амал. Аммо меҳмоннинг оёғи остига сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди. Чунки банда ҳар бир амалини холис Аллоҳ таоло учун қилиши зарур (“Фатовойи Ҳиндия”).
 
Савол: Мен бир қизни ёқтираман, лекин у менга бепарво, мени ёқтирмайди. Бир танишимнинг айтишича, бундай ҳолда “дуохон”ларга бориб “иситиш” мумкин экан. Шу йўл билан муҳаббатга эришиш мумкинми?
Жавоб: Ким иситсам фалончи мени яхши кўриб қолади, деб ўйлайдиган бўлса, хато қилади. Зеро, меҳр-муҳаббатга иситиш билан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрқиш ва Унга илтижо қилиш билан эришилади. Иситиш, совутиш, фол Ислом динида ҳаром қилинган амаллардандир. Шунингдек, ундай ишлар билан шуғулланувчи шахсларнинг манзилларини бировга айтиш, кўрсатиб юбориш ҳам оғир гуноҳдир (“Равоиъул баён”, “Нафуъл муфти”).
 
Савол: Қуръонни овоз чиқармай ўқиса ҳам тиловат қилганга ўтадими ёки овоз чиқариб ўқиш шартми? Жавоб учун аввалдан ташаккур!
Жавоб: Қуръонни овоз чиқармай ўқиганда тиловат қилганга ўтиши учун ўқиётган киши энг камида ўзининг овозини ўзи эшитадиган даражада бўлиши керак.
 
Савол: Ёш болалар сийиб қўйган кўрпача ва гиламлар устида улар сувда чайилганидан кейин намоз ўқиш мумкинми?
Жавоб: Улар ювиш билан тоза бўлмайди, лекин устига жойнамоз ёзиб намоз ўқиш мумкин. Улар тоза бўлиши учун, бир кеча-кундуз оқар сувга бостириб, боғлаб қўйиш лозим. Сўнг улар устида намоз ўқиш мумкин бўлади.
 
Савол: Тавба қачон қабул бўлмайди?
Жавоб: Тавба инсонга ўлим келишидан ва қиёматдан олдин бўлса, қабул қилинади. Агар инсон ўлим келган пайтда тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилмайди. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Албатта, Аллоҳнинг тавбани қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир. Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки бирорталарига ўлим келганида, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо, 17–18). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла банданинг тавбасини, модомики ғарғара (ўлим) ҳолатида бўлмаса, қабул қилади”, деб айтганлар (Имом Термизий). Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бас, Одам Раббидан (тавбага доир) калималарни қабул қилганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини ижобат этди. Албатта, У тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдир» (Бақара, 37). Аллоҳ таъоло бандаларининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечираман, деб марҳамат қилган.
 
Савол: Баъзи вақтларда нафл намози ўқиб бўлмайди, деб эшитдим. Шу ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
Жавоб: Ушбу вақтларда нафл намоз ўқилмайди:
1. Бомдод намозининг вақти киргач, бомдод намозининг суннатидан бошқа нафл намоз ўқилмайди.
2. Бомдод намозини ўқигандан сўнг қуёш чиқиб бўлгунига қадар.
3. Аср намози ўқилганидан сўнг.
4. Шом намозининг фарзидан олдин.
5. Уйида бўлса ҳам, ҳайит намозидан аввал.
6. Ҳайит намозидан сўнг масжидда нафл намоз ўқиш макрухдир. Уйда ўқиш мумкин.
7. Ҳажда, Арафот ва Муздалифада, бир вақтда ўқиладиган намозлар орасида ҳам ҳеч бир нафл намоз ўқилмайди. Бу пайт ҳатто пешин ва шом намозларининг суннатлари ҳам ўқилмайди.
8. Фарз учун вақт жуда тиғиз қолганида.
9. Жума куни хатиб хутбага чиққан пайтда, фарз намоз учун қомат келтирилаётганида.
10. Ҳожат қистаб турганида.
11. Дастурхонга севимли таом келтирилса-ю, қалб унга машғул ҳолда бўлса, хаёлни қочирадиган вазият вужудга келса.
12. Қуёш тутилиш (кусуф) ва ёмғир исташ (истисқо) хутбаси ўқилаётганда (“Халаби кабир”).