Ҳозирги кунда масжидларимизда баъзи намозхонлар биринчи ёки учинчи ракатлар саждаларидан сўнг, озроқ ўтириб, кейин туришади. Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизда макруҳдир. Бу тўғрида ҳанафий фиқҳи китобларида қуйидагича баён қилинган.

Ширинбилолий “Мароқил фалоҳ”да айтади: “Сўнг сажда учун такбир айтади ва сажда қилади. Саждада уч марта тасбиҳ айтади. Қорнини сонларидан узоқ тутади. Қўлларини ёнидан очиб туради. (Иккинчи саждадан) кейин такбир айтиб бошини кўтаради, иккинчи ракатга туради. Агар узри бўлмаса, тураётганида қўллари билан ерга суянмайди. Туришдан олдин ўтирмайди”.

Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя”да айтади: “(Иккинчи) саждани қилганидан сўнг такбир айтади. Буни айтган эдик. Оёқларининг олд қисмига таяниб тик туради. (Туришдан олдин) ўтирмайди ва қўллари билан ерга суянмайди. Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) эса: “Енгил ўтириб, кейин туради, ерга суяниб туради. Бунга далил – Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай қилганлари ҳақидаги ривоят”, деган. Бизнинг далил эса, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоят. Унда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оёқларининг олд қисмига таяниб туришлари айтилган. Шофиъий ривоят қилгани эса, қарилик ҳолатига йўйилади. Бундан ташқари бу ўтириш истироҳат, яъни дам олиш учун. Намоз эса, дам олиш ўрни эмас”.
 
Шу мавзудаги баъзи ҳадислар:
Аббос ёки Айёш ибн Саҳл Соидийдан ривоят қилади. У саҳобий Абу Ҳурайра, Абу Ҳумайд Соидий ва Абу Усайд (розияллоҳу анҳум) иштирок этган бир мажлисда отаси билан қатнашганини айтиб деди: “...Сўнг (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) такбир айтиб, сажда қилдилар. Сўнг такбир айтиб, турдилар, ўтирмадилар” (Абу Довуд ривояти).
Нўъмон ибн Абу Айёшдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобаларини кўрдим. Улар биринчи ва учинчи ракатларда саждадан бош кўтарганларида дарҳол турардилар, ўтирмасдилар” (Абу Бакр ибн Шайба ривояти).
Абдурраҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд (розиял­лоҳу анҳу)га намоз ўқиётганларида қараб турдим. У кишининг (саждадан) дарҳол турганларини, ўтирмаганларини кўрдим” (Табароний “Кабир”да ривоят қилган).
Шу ўринда интиқол такбирларини қайси ҳолда бошлаб қачон тугаши тўғрисида маълумот бериб ўтсак. Интиқол такбирларини айтиш ҳанафий мазҳабида суннатдир. Булар рукуга бориш, рукудан қайтиш, саждага бориш, саждадан қайтиш такбирларидир. Бу такбирларни айтиш рукнни бошлашга киришилгандаёқ айта бошланади ва рукуга киришиш билан тўхтатилади. Масалан, рукуга боришда такбир айтиш эгилишнинг аввалида бошланади ва руку ҳолатига етиш билан тўхтатилади. Худди шундай, саждага боришда пасайиш билан такбир айтиш бошланади, бошини саждага қўйиш билан тугатилади. Интиқол такбирларини ўз ўрнида айтмаслик макруҳдир, уларни тарк қилиш саҳв саждасига сабаб бўлмайди.