Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Баъзи жойларда “мозорга атадим, мозорга аталган мол эди”, деган гап­лар кўп айтилади. Шариатда мозорларга мол аташнинг зарари йўқми?

Жавоб: Агар мозорга аташдан у жой атрофида яшайдиган фақир бечора кишиларга садақа қилиш ният қилинса, жоиз бўлади. Акс ҳолда жоиз эмас. “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилади: “Билингки, авом кишиларнинг ўликларга атаб назр қилиши, Аллоҳнинг дўстларининг қабрларига, уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаши, шам, чироқлар ёқиши ботил ва ҳаром ишлардандир”.
 
Савол: Кийиниш  одоби ҳақида  маълумот  берсангиз... 
Жавоб: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исроф қилмай ва кибр-ҳавога берилмай енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар!”,  деганлар.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) янги либос кийган вақтларида бундай дуо қилардилар: “Аллоҳумма инни асъалука мин хайриҳи ва хайри ма ҳавлаҳу ва аъузубика мин шарриҳи ва шарри ма ҳавлаҳу”.
Кўйлак ёки жома енгини бармоқлардан узун қилиш макруҳдир.
Кийимни покиза тутиш лозим. Зеро, “Поклик имоннинг ярмидир” (Имом Бухорий ривояти).
Кибру ҳавога берилмаслик шарти билан, яхши либос ки­йиш жоиздир.
 
Савол: Диний китобларни ётиб ёки ёнбошлаб ўқиса бўладими?
Жавоб: Диний китобларни узрсиз ётиб ўқиш макруҳ. Лекин кексалик ёки чарчоқ туфайли ёнбошлаб ёки ётган ҳолда ўқиш жоиз, дейилган.
 
Савол: Насияга мол сотиш ёки сотиб олиш мумкинми?
Жавоб: Насияга мол сотиш ва сотиб олиш мумкин. Насияга сотишда пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши (масалан, фалон ойнинг фалон кунида пулини берасан (бераман) лозим. Акс ҳолда савдо фосид (бузуқ) бўлади.