Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар
 
Савол: Бирор валий зотларнинг қабрига атаб назр қилинган жонлиқни қабр бошида сўйиш керакми?
Жавоб: Мазҳабимиздаги машҳур манбалардан бири “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган: “Ўликларга яқин бўлиш мақсадида уларга атаб назрлар қилиш ботил ва ҳаромдир. Бунинг бир неча сабаблари бўлиб, улардан бири: Аллоҳни қўйиб, махлуққа назр қилиш ҳисобланади. Махлуққа назр қилиш мумкин эмас. Чунки назр ибодатдир, махлуққа эса ибодат қилинмайди”. Шунинг учун валий зотларга атаб назр қилиш ва уларнинг қабр­лари олдида жонлиқ сўйиш мумкин эмас.
 
Савол. Имомга иқтидо қилганда Фотиҳа ҳамда зам сурани ўқиш мумкин эмаслигини яхши биламиз. Лекин шу ҳақда келган далилларни билмаймиз. Илтимос, шу ҳақда ворид бўлган оят ва ҳадисларни зикр этсангиз?
Жавоб: Қуръони карим Аъроф сурасининг 204-оятида бундай буюрилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз”. 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг (намозда) имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар.