Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Қасамини бузиш каффорати нимадан иборат?

Жавоб: Аввал қасамнинг турларини билиб олсак. Қасам уч хилдир:
1) Киши ўтган замонда қилганини қилмадим деб, қилмаганини қилдим деб, қасддан, ёлғон қасам ичса, бу қасам “Ғамус” дейилади. Бу қасамнинг каффорати йўқ. Аммо бундай қасам ичиш улкан гуноҳдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Катта гуноҳлар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
2) Бир ишни аслида бажармаган бўлса-да, бажарганман деб ўйлаб “бажардим” деб, ё аксинча қасам ичиш “лағв” дейилади.  Бу қасамга ҳам каффорат йўқ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди...” (Моида, 89).
3) Киши келажакда бир ишни қилмаслигига ёки қилишга Аллоҳ таоло номи билан қасам ичса, бу қасам “мунъақид” дейилади. Бу қасамга қасам ичувчи содиқ қолиши лозим. Агар уни бузса, каффорат вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида, 89).
Демак, “мунъақид” қасамни бузган киши бир қул озод қилиши ёки ўнта камбағални ҳар бирига фитр садақаси миқдорида садақа бериши ёки уларни ҳар бирига кўйлак ва шалвар бериши керак. Бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутиши лозим бўлади.
 
Савол: Холамни кўргани шифохонага борсам, кўп қон йўқотган бир беморга қон қуйиш учун  шифокорлар одамлардан қон гуруҳини сўрашаётган экан. Шариатда бировга қон бериш ҳақида нима дейилган?
Жавоб: Қон гуруҳи беморнинг қон гуруҳига тўғри келадиган киши касалнинг ҳаёти хавф остида бўлса ва у ерда ўзидан бошқа ҳеч ким топилмаса, унга беминнат ёрдам кўрсатиши жоиз бўлади.