Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: “Саждаи шукр” ҳам “саждаи тиловат” каби қилинадими?  Иккаласининг асли битта нарса эмасми?

Жавоб: Саждаи шукр ва саждаи тиловатни адо этиш тартиби бир-бирига ўхшаса-да, сабаблари бошқа-бошқадир. Тиловат саждаси Қуръони каримдаги ўн тўртта cажда оятларидан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига вожиб бўлади. 

Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) банда бирон неъматга, масалан, молга эга бўлса ёки фарзанд кўрса, шукр саждасини қилиш мустаҳаб амал, деганлар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирон ишнинг хабари етса, уни сир тутардилар ва Аллоҳ таолога шукр этиб сажда қилардилар” (Имом Термизий ривояти) (“Раддул муҳтор алад дуррил мухтор”, “Муҳит”).
 
Савол: Биз қабристонга яқин жойда турамиз. Баъзан қабристон томондан нохуш ҳидлар келади. Сабабини билсак, айрим кишилар қабристонда сағаналар қуриб, маййитни ерга кўммасдан ўшанинг ичига қўйишар экан. Шариатда шунга рухсат борми?  
Жавоб: Маййитни ерга, лаҳад қазиб дафн этиш суннатдир. Маййитни лаҳадга дафн этиш имкони бўлган ҳолда ер устига, сағанага қўйиш суннатга зид бўлганидан макруҳдир (“Раддул муҳтор алад дуррил мухтор”).
 
Савол: Гуноҳи кабира қилган кимсани “Аллоҳнинг душмани” дейиш мумкинми?
Жавоб:Йўқ.Имоми Аъзамнинг “Ал олим ва мутааллим” асарида бундай дейилади: “Мўмин одам Аллоҳга ширк келтирмаса, ҳар қанча гуноҳ қилса ҳам, унга душман бўлмайди. Душман ўз душманидан нафратланади ва уни камситади. Мўмин одам, бирор гуноҳи кабира қилса-да, имони туфайли Аллоҳ унга барча нарсалардан азиз ва севимли Зот бўлиб қолаверади”.
 
Савол: Бозорга борсам, кўпинча она қўйларни “қорнида боласи бор, туғадиган, бу икки қўй бўлади”, деб таннархидан баландроқ сотишга ҳаракат қилишади. Шариатда шундай деб сотиш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Жоиз эмас. Агар қўйни “қорнида боласи бор, яқинда иккита бўладиган”, деб сотса, савдо фосид бўлади. Чунки қўй соғлом қўзи туға оладими, йўқми мавҳумдир. Савдо фосид бўлса, уни бекор қилиш вожиб бўлади. Агар фосид савдо билан олинган нарса сотилса, кўрилган фойдани садақа қилиш лозим бўлади  (“Фатовойи Ҳиндия”).
 
Савол: Тегирмончининг хизмат ҳақини янчилган буғдой унидан берса бўладими? 
Жавоб: Бўлмайди. Ҳанафий мазҳабида бировга бу буғдойни тортиб, ун қилиб берсанг, иш ҳақингга ўшандан бунчасини оласан, дейиш мумкин эмас.