Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Одамлар орасида руҳ ҳақида кўп тортишув бўлади. Бу борада динимизда нима дейилган? 

Жавоб: Мусулмонлар руҳнинг махлуқ эканлиги, яъни, яратилганига ижмо қилишган. Аммо инсон ўлса ҳам унинг руҳи қолади. Тақводор бандаларнинг руҳи жасаддан чиққач, дорун наъимда бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари, албатта, “Иллийюн”дадир» (Мутаффифун, 18). Гуноҳкор бандаларнинг руҳи эса дорул жаҳимда бўлади. Аллоҳ таоло бундай хабар беради: «Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари “Сижжин”да бўлур» (Мутаффифун, 7). 

Қиёматда руҳ ўз жасадига қайтади ва Аллоҳ таолонинг амри ила ҳисоб-китоб қилинади. Кейин руҳ жасади билан жаннатда ёки дўзахда абадий қолади (“Ат Тамҳид фи баёнит тавҳид”).  
 
Савол: Мен кекса ёшда бўлганим учун баъзида намоз ўқиш ниятида адоси дейиш ўрнига қазоси деб кўнглимдан ўтказаман. Бу ҳолда намозим дуруст бўладими?
Жавоб: “Кашфул Асрор” китобида бундай дейилади: “Агар бир киши ҳали вақти бор, деган гумон билан адо намозни ният қилса, лекин намознинг вақти чиққан бўлса, ўша ўқиган намози қазо ўрнига ўтади. Бунинг акси ҳам худди шундай бўлади” (“Раддул муҳтор алад Дуррил мухтор”).
 
Савол: Биз маййитни ювиб, кафанлаб бўлганимизда, қуёш ботишига яқин қолган эди. Шу пайтда жаноза  ўқиш макруҳ бўлмайдими? 
Жавоб: Макруҳ бўлмайди. Чунки жаноза намозини ҳар қандай ҳолатда ҳам кечиктирмаслик афзалдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Уч нарса борки, уларни асло кечиктириб бўлмайди. Улардан бири жаноза намозидир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти), (“Ал Баҳр”, “Раддул муҳтор алад Дуррил мухтор”). 
 
Савол: Куфр билан ширк ўртасида қандай фарқ бор?
Жавоб: Куфр – ҳақни беркитиш бўлса, ширк – Аллоҳ таолога шерик келтиришдир. Аммо ҳукмда иккиси ўртасида фарқ йўқ (“Ат Тамҳид фи баёнит тавҳид”).