Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
Савол: Маълумки, сафарга чиқилганда фарз намозлари қаср қилиб ўқилади. Сафар нияти билан чиқиб, 60–70 километр юргандан кейин ортга, уйга қайтилса, шу масофада вақти кириб қолган намоз қаср қилиб ўқиладими ёки тўлиқми?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ. Аммо баъд... Киши уч кеча-кундузлик масофага боришни ният қилиб йўлга чиққач, ўз шаҳри (қишлоғи)­нинг охирги уйлари кўринмай қолганидан бошлаб мусофир ҳисобланади ва мусофир учун белгиланган енгилликлардан фойдаланади (“Фатовойи Оламгирия”). Аммо ҳали уч кеча-кундузлик масофага етиб бормасидан, уйига қайтиши лозим бўлиб қолса, ўша жойда ва қайтгунича вақти кирган намозларни ҳам тўлиқ ўқиши лозим бўлади. Чунки уйига қайтишни ният қилиши билан, ҳали тўла мусофир бўлиб улгурмагани учун, сафар нияти бекор бўлади.
 
Савол: Рўзадор одам кўча-кўйда юрганида ифтор вақти кириб қолса, ёнида озгина нони ёки ҳеч нарсаси бўлмаса, қандай қилиб оғиз очади?
Жавоб: Рўзанинг вақти тонг отганидан кун ботгуничадир. Бинобарин, кун ботиши билан рўзаси очилган бўлади. Лекин шу вақтда бирор қултум бўлса ҳам сув ёки бир дона хурмо ейиш суннатдир.
 
Савол: Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Мен “Ҳидоят” журналига ҳар йили обуна бўламан. Журналдаги саволларга берган жавобингизни, панду насиҳатларингизни оила аъзоларим билан ўқиб, ундан ўзимиз учун хулосалар чиқариб келмоқдамиз. Бунинг учун сизга ташаккур билдирамиз ва дуо қиламиз...
Сизга саволим бор эди: мен ҳунар­мандман. Бир маҳалладошимнинг хизматини қилгандим. У ҳақимни бермади. Мен унинг ўғлига бу ҳақда айтганимда: “Ҳақинг бўлса, дадамда, менда эмас, ўзларидан сўрайсан!” деди. Отаси яқинда вафот этди. Жанозасида имом: “Марҳумнинг бировлардан қарзи бўлса, ким тўлашни зиммасига олади?” деган саволига ҳалиги ўғли: “Мен”, деб жавоб берди. Мен эса ўша заҳоти ҳақимдан кечганимни дилимдан ўтказдим, чунки ўғли ҳақимни бермаслигини яхши билардим. Мен тўғри иш қилдимми? Менга бу ишим учун савоб бўладими?
Жавоб: Аллоҳ таоло истаган бандасидан ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин. Аммо банданинг бошқа бир банда устидаги ҳақини, то ҳақдор банда кечмагунича, Аллоҳ кечмайди. Шундай экан, сиз жуда ҳам олижаноб иш қилгансиз ва вафот этган одамнинг қарзидан кечиб, унинг зиммасидан ҳақингизни соқит этгансиз. Бу ишингиз учун, иншааллоҳ, албатта савоб оласиз. Зеро, қилинган зарра қадар яхшилик ҳам ажрсиз қолмайди ва ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзилади.
Шу ўринда, одамлардан ўзаро олди-берди масалаларида сусткашликка йўл қўймасликларини сўраймиз. Бу дунёнинг арзимас моли кўзларига чиройли кўриниб, бировлар ҳақини еб кетаётганлар охиратда уни ўз савоблари билан тўлашларини билсинлар. Мабодо савоблари бўлмаса ёки савоблари зиммаларидаги қарзни тўлашга етмаса, ҳақдорнинг гуноҳини олиш эвазига қарзларини узишади. Ҳақнинг адолат тарозиси олдида макру алдов, таниш-билиш ва илтимосу узрлар ўтмайди. Ҳисоб-китоб кунидан ҳеч ким қочиб қутулмайди. Мана шунга ишонган одам мўмин ҳисобланади ва қадамини шунга кўра босади...
 
Савол: Мен бир дўстим­дан қарз сўрадим. У нақд пули йўқлигини, аммо плас­тик карточкасида маблағи борлигини ва истасам бериши мумкинлигини айтди. Мен олдим. Қарзни қайтаришда нақд пул билан қайтарсам рибо бўлмайдими?
Жавоб: Агар қайтарилган нақд пул плас­тик карточкадан тўланган пул миқдорига тенг бўлса, рибо бўлмайди.
 
Савол: Мен савдо соҳаси­да ишлайман. Ма­ҳал­ла-кўй, қўни-қўшни дў­коним­дан кўпинча насияга нарса олишади. Мен молнинг пулини дарҳол берса, арзонроқ, беш-ўн кун ёки ярим ойдан кейин бераман деса, сал қимматроққа сотаман. Шу ишим шаръан жоизми?
Жавоб: Агар сиз молни насияга олган харидорга, пулини тўлаш муддатини аниқ белгилаб, масалан, 15 август куни, деб сотсангиз жоиз бўлади. Чунки мол насияга сотилганда ё олинганда пул тўлаш муддати аниқ белгиланиши лозим. Акс ҳолда, савдо фосид бўлади. Валлоҳу аълам.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.