“Мавлид” арабча сўз бўлиб, туғилиш, туғилган жой ва туғилган вақт маъноларини англатади. Биз, мусулмонлар, мавлид деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг туғилган ойларини назарда тутамиз.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида рабиул аввал ойининг 12 куни, душанба; Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 рабиул аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар (909–1171) нишонлаган. Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин (1153–1232) байрам қилиб белгилаган. Шунингдек, мавлид усмонийлар давлатида, мағриб давлатларида алоҳида эътибор билан тантана қилинган.
Ҳозирда ҳам мусулмон юртларда мавлид асосан масжидларда ўтказилиб, унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мадҳларида битилган қасидалар тингланади, сийратлари тўғрисида суҳбатлар бўлади, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавотлар айтилади.
Мавлид тўғрисида Имом Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжий “Иқдул жавҳар фи мавлидин Набиййил азҳар”, Ибн Диҳя (633 ҳ.й.) “Ат-танвир фи мавлидил Баширин Назир”, Ибн Туғробек (670 ҳ.й.), Аҳмад Азлий (677 ҳ.й.), Сахховий (902 ҳ.й.) “Ал-фахрул улвий фил мавлидин Набавий”, Мулла Али Қори (1014 ҳ.й.) “Ал-мавридур равий фил мавлидин Набавий” номли китоблар ёзишган. Муҳйиддин ибн Арабий (638 ҳ.), Ибн Касир, Ибн Жазарий, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, Хатиб Ширбиний ва бошқалар ҳам мавлидга бағишлаб асарлар ёзган.
Мавлид Ироқ, Жазоир, Марокаш, Сурия, Миср, Ливия, Иордания, Тунис, Бирлашган Араб Амирликлари ва Уммон султонлигида расмий байрам, дам олиш куни деб эълон қилинган.
 
Жамшид ШОДИЕВ 
тайёрлади.