Савол: Мен бир китобда “мубтадиъ”, деган сўзни ўқиб, маъносини тушунмадим. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: “Мубтадиъ” – бидъатчи деганидир. Истилоҳда, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан бошқа ақидада бўлган хавориж, рофизий каби тоифалар “мубтадиъ”, дейилади. 
 
Савол: Баъзан масжидларда намозга ният қилганимиздан сўнг олдинги сафларда жой бўшаб қолади. Шу пайт олдинги сафни тўлдириш учун юрсак бўладими? 
Жавоб: Орқа сафдаги киши ўзи турган сафдан олдинги сафдаги бўш жойни тўлдириш учун юрса намози бузилмайди. Аммо ўзи турган сафдан бир неча олдинги сафга, ҳар бир сафда бир рукн миқдори тўхтамай юриб ўтса, намози бузилади. Чунки у “амали касир”дир. “Амали касир” намозни бузади (“Заҳирия”, “Раддул муҳтор алад Дуррил мухтор”).
 
Савол: Баъзи кишиларнинг сувни шариллатиб оқизиб қўйиб таҳорат қилаётганининг гувоҳи бўламан. “Камроқ очинг, сув исроф бўлади”, десам, айримлари: “Таҳорат қиляпманку”, дея норози оҳангда жавоб беради. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъднинг ёнидан ўтаётганларида у таҳорат олаётган эди. У зот: “Нима бунча исроф қиласан”, дедилар. Саъд: “Таҳорат қилишда ҳам сув исроф бўладими?”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳа, исроф бўлади. Агар оқиб турган анҳорнинг лабида бўлсанг ҳам”, дедилар (Ибн Можа).