Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
Савол: Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти чоп этадиган йиллик тақвимда “тонг” ва “қуёш”нинг чиқиш ва ботиш вақтлари берилган. Бомдод намозининг азон ва такбир вақтлари қандай аниқланади?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Субҳи содиқ, яъни машриқ тарафда, қуёш чиқиши тарафида, ер сатҳи бўйлаб тарқаладиган дастлабки ёришиш тақвимда тонг вақти деб кўрсатилган. Ана шу пайтдан бошлаб бомдод намозига азон айтса бўлади (“Фатовойи Оламгирия”). Агар, сиз яшайдиган жойда тақвимда кўрсатилган тонг соатида ана шу ҳолат бўлмаса, у ерда ҳали бомдод вақти кирмаган бўлади. Тақвимда берилган намоз вақтлари маълум бир шаҳар учун хосдир. Вилоят турли ҳудудларида қуёшнинг чиқиши ва ботишида фарқ бўлиши табиий. Шунинг учун, намоз вақтлари, рамазонда оғизни очиш ва ёпиш вақтларини жойлардаги масжидларнинг имом-хатиблари, уларнинг ноибларидан янада аниқлаштириб олинса, яхши бўлади.
 
Савол: Тўрт ракатли фарз намозини ўқиётган одам иккинчи ракатдан сўнг, намозим тугади деб чиқиб кетса, у кейин икки ракатни ўқиб, саждаи саҳв қилиб, аввалги икки ракатга қўшиб қўйса бўладими ёки намозни қайтадан ўқиши керакми?
Жавоб: Сиз айтган ҳолатда намоз бузилади ва уни қайтадан ўқиш керак.
 
Савол: Фарз намозининг биринчи ракатида Фотиҳадан сўнг катта суранинг охирги оятларини ўқиса бўладими ёки албатта сурани бошидан ўқиш керакми?
Жавоб: Фарз намозларнинг олдинги икки ракатининг ҳар бирида Фотиҳа сурасидан сўнг бошқа-бошқа сураларни тугал ўқиш афзалдир. Биринчи ракатга Фотиҳа сурасидан сўнг суранинг олдинги бир қисмини ўқиб, иккинчи ракатда қолган қисмини ўқишни баъзи уламолар макруҳ бўлади дейишган. “Заҳирия”да бундай қилмаслик керак, дейилган.
Биринчи ва иккинчи ракатларда Фотиҳа сурасидан сўнг бирор суранинг охирини ўқиш, агар суранинг ўқиладиган охирги оятлари сони бир тугал суранинг, масалан,”Ан-Набаъ” сурасининг оятлари сонидан кўп бўлса, жоиздир. Аксинча, агар бир тугал суранинг оятлари сони ўқиладиган суранинг охирги оятлари сонидан кўп бўлса, биринчи ва иккинчи ракатда Фотиҳа сурасидан сўнг бир тугал сурани ўқиш афзалдир (“Фатовойи Оламгирия”).
Биринчи ракатда бир суранинг охирини (масалан, “Аманар расулу”ни), иккинчи ракатда қисқа бир сурани (масалан, Ихлос сурасини) ўқиш макруҳ эмас (“Татархония”).
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.