Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Ҳазрат, бошқаларни безовта қилмаслик учун қолдирган намозларимнинг қазосини тунда ўқирдим. Бир қадрдоним, қоронғуда намоз ўқиш мумкинмас, деб айтди. Шу тўғрими?

Жавоб: “Унс” китобида агар ойнинг ёруғи бўлса ҳам, фарз намозларни қоронғуда ўқиш макруҳ бўлади, суннат ва нафл намозларни қоронғуда ўқиш макруҳ эмас, дейилган.
 
Савол: Оғайниларимиз билан қабристон зиёратига борган эдик. Орамиздагилардан бири қабристонда Қуръони карим тиловатини тик туриб ўқиш савоблироқ бўлади, деб айтди. Шу тўғрими?
Жавоб: Марҳумнинг қабрини зиёрат қиладиган киши, қабрнинг оёқ тарафида туриб салом беради ва унинг ҳақига дуо қилади. Зиёрати асносида қабрларни босмаслиги керак. Сўнгра қабрис­тон четига чиқиб ўтириб, Қуръондан билган сураларини тиловат қилиб, маййит руҳониятига бағишлайди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Улардан ке­йин дунёга келган зотлар айтур: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон, раҳмли Зотдирсан» (Ҳашр, 10). 
 
Савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари! Биз томонларда ўлган одамнинг яқинларидан бири кўп ўтмай вафот қилса ёки хасталикка чалинса, “Арва ортига қарабди, кепи­нини ялмабди. Энди қабрни очиб, маййитнинг бошини нариги тарафга буриш зарур ёки қабрга қозиқ қоқиб, сув қуйиш керак”, деган гапларга ишониб, айримлар ўтганларининг қабрини кавлаттиряпти. Шу тўғрими?
Жавоб: Мутлақ нотўғридир. Бундай қилиш маййитни хорлаш ҳисобланади. Шуни билишимиз лозимки, ҳар бир инсон ўз ажали билан ўлади. Ажал бирдир. Қатл этилган мурда ҳам ўз ажали билан ўлган ҳисобланади (“Ақоидун Насафий”). 
 
Савол: Анча йиллардан бери касалман. Кўп шифокорларнинг маслаҳати билан даволандим. Лекин шифо топмадим. Қишлоғимиздаги бир неча киши: “Сенинг авлодингда давбанд қушночлар бўлган. “Момолар”дан қўл олиб, чилтон суви ич, шунда яхши бўласан”, дейишмоқда. Баъзилар “момолар”дан чилтон суви олиб ичиб, чироқ ёқиб, кинна силаб юришади. Шариатда шундай қилиш дурустми?
Жавоб: “Ақидадут Таҳовия” китобида бундай дейилади: “Фолбинлар сўзини тасдиқ этмаймиз. Қуръон, ҳадис ва ижмои умматга хилоф гапларни қабул қилмаймиз. Жамоатни ҳақ ва тўғри деб ҳисоблаймиз. Тафриқани залолат ва азоб деб биламиз. Аллоҳнинг дини ерда ҳам, осмонда ҳам бир, яъни Ислом динидир. Бу дин мукаммал диндир. Мана шулар бизнинг ақидамиз ва динимиздир. Шуларга хилоф қилувчиларга биз мухолифмиз”. 
“Момолар”, “қушночлар” (коҳин, фолбин) шариатга хилоф ишларни қилиб юрган кимсалардир. Уларнинг ҳузурига бормаслик, айтаётганларини тасдиқ этмаслик  лозим. Акс ҳолда, имонимизга зарар етади.  Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан инсонлар коҳинлар ҳақида сўрашди. У зот: “Улар ҳеч нарса эмас”, дедилар...» (Имом Бухорий ривояти).