Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Баъзан хаёлим бўлиниб, қаъдада “Аттаҳийёт”ни ўқиш ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиб қўйган бўламан. Шундай пайтда намозимни қайтадан ўқишим керакми ёки саждаи саҳв қилсам ҳам бўладими?

Жавоб: Унутиб, намозда “Аттаҳийёт»нинг ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиб қўйган киши саждаи саҳв қилади. Шу билан унинг намози тўғриланади. Аммо «Аттаҳийёт»дан кейин Фотиҳа сурасини ўқиган бўлса, саждаи саҳв қилмайди (Яъни, саждаи саҳв қилиши шарт эмас) (“Фатовойи Ҳиндия”). 
Намозда бу каби паришонхотирлик яхши эмас. Банда ибодатларини хушу ва хузу билан хотиржам адо этишга ҳаракат қилмоғи лозим. 
 
Савол: Мен бир китобда “ароя” савдоси ҳақида ўқиганман, лекин тушунмаганман.  Шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: “Ароя” савдоси деб вақтинчалик фойдаланиш учун берилган нарсанинг фойдасини муддатдан илгари мол эгасининг ўзи сотиб олишга айтилади. Айтайлик, бой киши камбағал одамга бир дарахтни бир йилча фойдаланиб туриш учун берди. Камбағалнинг дарахтни парвариш қилиш учун келиб-кетишидан бой хижолат чекиб, камбағалга: “Дарахтингдан бу йил чиқадиган мевани менга сот”, деди. Аслида шариат бўйича, мева етилмагунича, уни сотиб бўлмайди. Бироқ камбағалнинг фойдасини кўзлаб, шариатда уни сотишга рухсат берилади (“Ал Биноя шарҳул Ҳидоя”).
 
Савол: Мен бозордан сигир сотиб олган эдим. Сигир эгаси айтган миқдорда сут бермаяпти. Савдони бекор  қилиб, сигирни эгасига қайтаришим мумкинми, шариатда бу ҳақда нима дейилган? 
Жавоб: Харидор сотувчини ёки сотувчи харидорни ёинки улардан бирини даллол алдаса, алданган киши нарсасини қайтаришга ҳақи бор. Шунинг­дек, сигирни олувчи одам уни уч кунгача соғиб кўрай, деган шартни қўйишга ҳақи бор. Шу орада у сигирни соғиб кўради, сотувчи айтганидан кам сут берса, уни қайтариш ҳақи бўлади. Зеро, савдода алдаш ҳаромдир” (“Раддул муҳтор”).
 
Савол: Бир мажлисда имоннинг рукнлари ҳақида тортишув бўлди. Шу ҳақда баён қилсангиз?
Жавоб: Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ (маъноси: Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расулидир) калимасини тил билан айтиб, қалб билан тасдиқ этиш банданинг мўминлигини билдиради. Мана шу тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлаш имоннинг рукнларидир. 
Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан бундай ривоят қилинади: “Инсонлар имонда уч мартабада бўлади: 1. Бир киши Аллоҳ таолога имон келтирган, унинг қалби куфрдан холи, бироқ жонини сақлаб қолиш учун ўзида куфрни зоҳир қилган. Мазкур сифатдаги киши Аллоҳнинг наздида мўмин, инсонлар наздида мўмин эмасдир. 2. Аллоҳнинг наздида мўмин эмас, инсонлар наздида мўминдир. У киши тили билан иқрор бўлса-да, қалби билан эътиқод қилмайди. Мазкур сифатдаги киши зоҳирда мусулмондек кўринса ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида у мўмин эмасдир. 3. Тили билан иқрор бўлган ва қалби билан эъти­қод қилган кишидир. У Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам,  инсонлар олдида ҳам мўминдир”(“Ат Тамҳид фи баёнит тавҳид”).