Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Умра қилишда соч олдириш ёки қисқартириш муҳим амаллардан бири экан. Сочи тўкилиб кетган кишилар нима қилса, ибо­дати  мукаммал бўлади? 

Жавоб: Умра ибодатида сочни тўлиқ олдириш ёки қисқартириш вожиб. Бошида умуман сочи йўқ кишилар бошининг тўртдан бирига устара юргизиб қўйишлари суннат, яъни у олдирган ҳисоб­ланади.  

 
Савол: Ясама соч (парик) тақиб юрган аёл киши таҳорат пайтида унинг устидан масҳ тортса жоиз бўладими?
Жавоб: Ясама сочнинг устига масҳ тортилса, таҳорат жоиз бўлмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ясама соч таққанга ҳам, тақтирганга ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!” деганлар (Имом Термизий ривояти). 
 
Савол: Бир дугонам менга олдинги турмушингдаги қайнотанг ҳам сенга маҳрам бўлади, деб айтди. Шу тўғрими?
Жавоб: Ҳа, тўғри. Аёл кишига эр томонидан қайнотаси, эрининг бошқа хотини бўлса, ундан туғилган фарзандлари абадий маҳрам бўлиб қолади. Яъни, улар билан ўртада никоҳ жоиз бўлмайди. 
Аммо эрининг амакиси, тоғаси, ака-укаси ва уларнинг ўғиллари аёлга маҳрам бўлмайди. 
 
Савол: Намозда имом ўқиган сураларни мен ҳам унинг ортидан такрорлаб турсам, ибо­датимга  зарари  йўқми?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган киши қироат пайтида жим туриши вожибдир. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қачонки имом қироат қилса , жим туринглар”» (Имом Муслим).
 
Савол: Фиқҳий китоб­ларни ўқиганимда, "рукн", "шарт", "фарз" де­ган атама­ларга кўп дуч келяп­ман. Ушбу ка­лималарнинг номлари бошқа-бошқа бўлса-да, мантиқан бир хил маъно касб этадими?
Жавоб: Ҳа, ҳанафий мазҳабида рукн ҳам, шарт ҳам фарз маъносида ишлатилади. Бироқ "рукн", "шарт", "фарз" калималари фиқҳий атамалар бўлгани эътиборидан, уларни билиш инсоннинг фиқҳни яхшироқ тушунишига ёрдам беради. 
 "Фарз" калимаси "рукн" ва "шарт"дан кўра умумийроқ маънога эга.  Масалан, қиём­, руку, сажда намознинг рукнлари. Мазкур амаллар кетма-кетликда, тартиб билан адо этилмаса, тартиб бузилса, саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади (“Шарҳул Муня”).