Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
Савол: Обрўли ҳамқиш­лоқ­ларимиздан бири бетоб бўлиб ётиб қолди. Кўпчилик бўлиб уни кўргани бордик. Бир дўстимиздан: “Сен ҳам кўргани бордингми?” деб сўрасак, у: “Ўша одам мен касал бўлганимда келмаган, мен ҳам уни кўргани бормадим”, деди. Шу иши тўғрими?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Касалнинг ҳолидан хабар олиш, унинг кўнглини кўтариш мўминлик бурч­ларимиздандир. Эътибор беринг, бу ихтиёрий, бировга жавоб тарзида бажариладиган амал эмас, балки бемор диндошимизнинг зиммамиздаги ҳақидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи олтитадир”, дедилар. “Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?” дейилди.
“Қачон уни учратсанг, салом бер, сени чорласа, унга жавоб бер, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, уни дуо қил, бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, (жанозасида) ҳозир бўл”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Динимизда касални кўргани борганга улуғ ажру мукофотлар ваъда қилинган. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «У киши: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг: “Мусулмон киши бир мусулмонни эрта тонгда кўргани борса, оқшом тушгунича етмиш минг фаришта унинг гуноҳларини кечирилишини сўрайди. Агар уни оқшомда кўргани борса, тонг отгунича етмиш минг фаришта унинг гуноҳларини кечирилишини сўрайди”, деганларини эшитганман”, дедилар» (Имом Термизий).
Шунинг учун, беморнинг ҳолидан хабар олинг ва Аллоҳ таоло берадиган улуғ ажрларга эга бўлинг! Бу билан ўзаро алоқа, ҳамжиҳатлик ришталари мустаҳкам бўлади. Айни пайтда, бундай қилиш бир мардлик, тантилик нишонаси ҳамдир. Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари айтганидек:
 
Отанг ердир, сенам ердек қилиқ қил, 
Ёмонлик айлаганга яхшилик қил...
 
Савол: Бемор отаси ёки онасининг ҳожат қилиши каби эҳтиёжларида ёрдам берган кишининг таҳорати синадими?
Жавоб: Бундай ҳолатларда, агар таҳоратни кетказадиган бирон сабаб юзага келмаса, таҳорат синмайди.
 
Савол: Кузда баъзилар анжирнинг қуриган шохларини ёқиш мумкин эмас деб, алоҳида ажратиб қўяди. Шу иш тўғрими?
Жавоб: Бу саволга жуда кўп марта жавоб берилган. Аммо ўша жавоблар ёзилган журнал ёки китобларни топиб ўқишга имконингиз бор-йўқлигини билмаганимиз учун яна бир бор жавоб берамиз: анжир ҳам бошқа мевали дарахтлар сингари оддий бир дарахт, бинобарин, уни муқаддаслаштириш хато. Шундай экан, анжирнинг шохларини ҳам бемалол ёқиш мумкин.
 
Савол: Бировнинг айбини яшириш яхши, савобли амал эканини билдим. Яшириш савоб бўлган айбу нуқсонларнинг тури, чегараси борми? Қайси айбларни яширса бўлади, қайсиларини яшириб бўлмайди?
Жавоб: Динимизда бошқаларнинг, мўмин қардошининг камчиликларини, айбу нуқсонларини ошкор этишдан қайтарилган. Лекин айб қилаётган одамнинг ёнига бориб, бу иши дуруст эмаслигини ширин тил ва холис ният билан тушунтиришга ҳаракат қилинади. Балки у қилаётган иши нотўғрилигини билмас ва насиҳатингиз билан бу ишидан тўхтар. Борди-ю, қайсарлик қилиб, ўз қилмишида давом этаверса, сиз уни ёмон-мункар ишдан қайтариш билан ўз вазифангизни адо қилган бўласиз. Қолгани ўзига ҳавола.
Динимизда қайтарилган ишларни давомий қиладиган одам фосиқ дейилади. Ана шундай фосиқ кимсаларнинг ёмонлигидан бошқаларни огоҳ этиш учун уларнинг кирдикорларини ошкор қилиш мумкин.
Бундан ташқари, баъзи ёмон ишлар борки, уларнинг зарари биргина шахсга эмас, балки кўпчиликка, ҳатто бутун бир жамиятга таҳдид солиши мумкин. Ана шундай вазиятда бу ишдан тегишли муассаса ва ходимларни огоҳлантириш лозим, ҳатто савобли амаллардан ҳисобланади.
 
Савол: Биз томонларда маййитни ювиш жараёнида сувга Ёсин сурасини ўқиб дам солиш одати бор. Шу тўғрими?
Жавоб: Маййит ювиладиган сувга дам солишнинг динимизда бирон бир асоси йўқ.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.