Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
САВОЛ: Ёшим етмиш бешда. Юрагим хуруж қилиб туради. Рамазонда шундай ҳолат бўлиб қолса, тилнинг остига ташлаб олинадиган дорини истеъмол қилсам, рўзам очиладими?
 
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд...
Сиз айтган ҳолатда рўза очилади. Кейин бир кунга бир кун қазосини тутиб беришингиз керак. Динимиз осон диндир. Аллоҳ таоло бизга осонлик, енгилликни хоҳлайди, оғирлик, машаққатни раво кўрмайди (Бақара, 185). Касали рўза тутишга имкон бермайдиган ёки рўза тутса, касали кучайиб кетиш хавфи бўлган бемор одам тузалгунича рўза тутмай туриши мумкин. Соғайганидан кейин бир кунга бир кун қазосини тутиб беради.
Рўза тутишга мажоли етмайдиган кекса эркак ва аёллар, шунингдек, давомли касаллиги сабабли рўза тутолмайдиган кишилар рўза тутмасдан, ҳар бир кун учун камбағалларнинг бир кунлик овқати миқдорида фидя беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”, “Ҳидоя”).
Сўнг улар, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, қувватга кирсалар ё соғайишса, тутолмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беришади.
Фидянинг миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг ҳар йили эълон қилинадиган Қарорида белгилаб берилади.
 
САВОЛ: Рамазон ойининг илк кунларидан бирида рўзадор танишимнинг овқат еб турганини кўрдим. Менимча, рўзадорлиги эсида йўқ эди. Шунда бориб эслатмоқчи эдим, ёнимдаги шеригим: “Қўй, эслатма, уни Аллоҳнинг ўзи меҳмон қиляпти”, деди. Мен ўйланиб қолдим. Шундай пайтда қандай йўл тутган маъқул?
 
ЖАВОБ: Бундай ҳолатда қаралади: агар ўша рўзадорлиги эсида йўқ овқатланаётган одам ифторгача бемалол рўза тута оладиган ҳолда бўлса, унга рўзаси эслатилади. Бунинг акси бўлса, яъни, рўзани кечгача давом эттира олмайдиган ҳолатда бўлса, унга рўзадорлигини эслатмаслик жоиз (“Фатовойи Ҳиндия”, “Заҳирия”).
 
Савол: Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлган, дейилади. Бошқа ойларда оятлар нозил бўлмаганми? Қуръони карим «Рамазон ойида нозил бўлган», деган жумлани қандай тушунишимиз керак?
 
ЖАВОБ: Қуръони карим оятлари йилнинг ҳамма ойларида ҳам нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик» (Исро, 106). Қуръони каримнинг биринчи оятлари Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил бўлганидан, Рамазон ойида нозил бўлган, дейилади.
 
САВОЛ: Шаъбон ойининг охирида рўза тутиб, Рамазон ойига қўшиб кетса бўладими?
 
ЖАВОБ: Шаъбоннинг охирида рўза тутиб, Рамазонга улаб кетишдан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар. Бу хусусда бир қанча ҳадислар келган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч ким эҳтиёт юзасидан Рамазондан бир ёки икки кун илгари рўза тутмасин, рўзани Рамазон ойи чиққанини кўриб, сўнг тутсин, аммо ҳафтанинг маълум кунлари доимо нафл рўза тутиб юрган одам рўзаси шак кунига тўғри келиб қолса, у ҳолда тутаверсин”, деб айтганлар» (Муттафақун алайҳ).
Уламоларимиз юқоридаги ҳадисни далил қилиб, Шаъбоннинг охирида рўза тутишни макруҳ дейишади. Лекин бир киши душанба ва пайшанба кунларида рўза тутишни одат қилган бўлса ёки назр рўза ният қилган бўлиб, у кунлар Шаъбоннинг охирги кунларига тўғри келиб қолса, у кунларда рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
 
САВОЛ:  Рамазонда адо этилган умрага ҳажнинг савоби берилади ва у ҳаж ўрнига ўтади, деб эшитдим. Шу гап тўғрими?
 
ЖАВОБ: Рамазонда адо этилган умрага ҳажнинг савоби берилиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Лекин у ҳажнинг ўрнига ўтади, дейиш хатодир.
Абу Тулайқ (розияллоҳу анҳу)нинг аёли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан Рамазон ойида адо этилган умра ҳақида сўради: «Умму Тулайқ: “Ё Расулуллоҳ! Сиз билан ҳаж қилишга нима тенглашади”, деди. Расулуллоҳ: “Рамазон умраси”, дедилар». Ушбу ҳадис Рамазон ойида адо этилган умранинг савоби улуғ эканини билдиради.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.